Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон ҳамкорлик ташаббускори

Ўзбекистон  ҳамкорлик ташаббускори

Маълумки, 1992 йил 2 мартда мамлакатимиз дунёнинг энг нуфузли, дунёнинг 190 дан ортиқ давлатини бирлаштирган халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Ўша кундан бошлаб давлатимиз байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қароргоҳи олдида бошқа давлатлар байроқлари қаторидан жой олди. Ўзбекистон ташкилотнинг низомида белгилаб берилган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилашга хақли экани ҳақидаги умум эътироф этилган қоидага қатъий амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини қарор топтириш, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш заруратини назарда тутиб, ана шу умумий мақсадларга эришишда фаол ҳаракат олиб бормоқда.

Бош Қомусимизнинг 17-моддасида ҳам Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги ва унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиши белгилаб қўйилган.

Маълумки, БМТ фаолиятининг асосий мақсадларидан бири жаҳонда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга эришишдир. Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг асосий йўналишларидан бири ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартнома иштирокчиси ҳисобланиб, БМТнинг 6 та асосий шартномаси, жумладан “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияларини мисол келтиришимиз мумкин. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз томонидан БМТнинг шартномавий қўмиталарига мазкур халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича 40 дан ортиқ Миллий маърузалар тақдим этилди ва ижобий баҳоланди.

Дарҳақиқат, БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб келаётганлигининг яққол мисоли сифатида жорий йилда БМТнинг янги Бoш кoтиби Антонио Гутеррешнинг мaмлaкaтимизгa амалга оширган тaшрифини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Куни кеча 19 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг минбаридан туриб нутқ сўзлади ва халқаро аҳамиятга эга бўлган долзарб масалаларни кўтариб чиқди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг барчаси инсон ва унинг манфаатларига ҳизмат қилиши, халқаро терроризм, диний экстремизм, диний бағрикенглик,Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, Орол фожиаси оқибатлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек маърузада Президентимиз мамлакатимизда қабул қилинган муҳим хужжат- Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидлаб ўтди. Президентимиз алоҳида ёшлар масалаларига эътибор қаратган ҳолда Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Шу билан бирга, юртбошимиз илгари сурган таклифлар саммит иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Ишонч билан таъкидлаш мумкинки,Президентимиз томонидан билдирилган таклифлар жаҳон ҳамжамиятини яна бир бор ушбу масалардаги муҳим муаммоларга эътиборини қаратади шу билан бирга Халқаро ҳуқуқ ривожига ўз хиссасини қўшади.

Мамлакатимиз ушбу халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилар экан, жаҳонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Бундай эзгу сиёсат барчага манфаат келтиради, умумий тараққиётга хизмат қилади.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар кўмитаси аъзоси.


Кўришлар сони: 11691

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими