Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Расул КУШЕРБАЕВ: Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади

Расул КУШЕРБАЕВ: Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади

Фарзандингиз, кўзингизнинг оқу қораси айни пайтда нималар билан машғул? Уни турли ёт ғоя ва таъсирлардан асрай олаяпсизми? Соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан-чи? Президентимиз томонидан жорий йил 8 сентябрь куни имзоланган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида шу каби саволлар ечимига эътибор қаратилган ҳолда, юртимиз ҳаётида янги ижтимоий муносабатлар белгилаб берилди.


Хўш, ушбу Қонундан нималарни кутаяпмиз, қандай янгиликларга тайёр туришимиз керак, деган савол бугун кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжатда ахборотга доир ҳуқуқларнинг чекланишига оид масала йўқ. У келажагимиз эгалари бўлмиш болаларнинг соғлиғини муҳофаза этишга қаратилган.

Бинобарин, Қонуннинг 3-моддасида унинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

Шунингдек, унда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ҳамда ташкилотлар тизими келтириб ўтилган. Айни чоғда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши ўз ифодасини топган.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ва ёш тоифаларини қўйиш масалалари мазкур ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Бу жамиятимиз ҳаётида янгилик бўлиб, эндиликда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар, блогерлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот тарқатиш каналлари орқали тарқатилаётган ахборотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс эттирилиши шарт қилиб қўйилмоқда. Қонунга кўра, ёшга оид таснифни белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда, мамлакатимиз ҳудудида тарқатиш бошлангунга қадар амалга оширилади. Бундан кўриниб турибдики, Қонун кучга кириши билан ҳар бир ахборот тарқатувчи, яъни фуқаролар ҳушёрлик билан тарқатилаётган ахборотга ёш тоифасини ўзлари ёки бу соҳадаги экспертларнинг хулосасига кўра, қўйишлари керак бўлади.

Эксперт текинга ишламайди

Эксперт — ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва эксперт хулосасини бериш ёки ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга ошириш учун махсус ваколатли давлат органида аккредитациядан ўтган шахсдир. Демак, ахборот тарқатиш билан шуғулланаётган субъектлар ўзлари тарқатаётган ахборотда ёшга оид таснифни қўйишда қандайдир шубҳа ёки ишончсизлик ҳолати бўлса, бемалол экспертларга суянишлари мумкин. Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, эксперт ҳам текинга ишламайди.

Бозор қонуниятлари билан яшаётган бир вақтда экспертлар ҳақини ҳам ҳисобга олиш айни муддао. Чунки айрим ахборот маҳсулотлари бўйича хулоса беришда узоқ изланиш, ахборот маҳсулотини, керак бўлса, суткалаб тасвир орқали томоша қилиб, тадқиқ этишга тўғри келиши мумкин. Бу экспертларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиш ҳамда хизматига яраша рағбатлантирилишини таъминлайди.

Шу боис Қонунга мувофиқ, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи эксперт ёки экспертларни жалб қилган ҳолда белгиланган тақдирда, бу билан боғлиқ хизматлар ҳақини тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш ушбу хизматларга буюртма берган ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ёки тарқатувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Белгиланган тартибга асосан, аккредитация қилинган экспертларнинг реестри юритилади ҳамда у махсус ваколатли давлат органининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади. Талабгорлар улар ҳақидаги маълумотлар билан бемалол танишишлари мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслардан махсус ваколатли органга бирор ахборот маҳсулотининг ёшга доир таснифи ёки болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжуд ёхуд мавжуд эмаслиги юзасидан мурожаатлар келиб тушганда, кўпи билан беш кун ичида экспертизадан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Экспертиза экспертлар томонидан мурожаат келиб тушган пайтдан эътиборан ўттиз кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Ахборот маҳсулотини қаерда тарқатишга йўл қўйилмайди?

Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, жамоат жойларида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган босма маҳсулот тарзидаги ахборот, масалан, журнал, китоб, альбом кабиларни фақат ёпиқ ўровларда тарқатишга йўл қўйилади. Бундай ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия-спорт муассасаларида, маданият, дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотларида тарқатилишига эса умуман йўл қўйилмайди. Агар томошабоп тадбирларда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулоти мавжуд бўлса, уларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги ёки қатнашиши чекланиши ҳақида эълон қилинади.

Демак, ота-оналар бундан буён фарзандлари билан томошабоп тадбирларга боришда ёки уларда иштирок этишда мазкур меъёрларни ёдда сақлашлари ҳамда амал қилишлари лозим бўлади.

Қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилади

Ҳар бир қонуннинг амалиётга самарали татбиқ этилиши ўз вақтида қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиши билан ҳам боғлиқ. Ушбу муҳим омилни инобатга олсак, яқин вақт ичида мазкур Қонун доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини аниқлаш мезонлари, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан экспертларни аккредитациядан, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш тартиблари, экспертларнинг реестрини юритиш қоидалари, шунингдек, ташкилий чора-тадбирларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Умуман айтганда, ушбу Қонун, энг аввало, ота-оналарга фарзандларини тарбиялаш, уларни зарарли ахборотдан муҳофазалаш, бунинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратишни назарда тутгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Келгусида ушбу талабларни бажариш нафақат келажагимиз эгаларини зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, шу билан бирга, ҳар биримизнинг фуқаролик позициямизни фаол намоён этишга имкон яратади.

Расул КУШЕРБАЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 13339

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

12.11.2019
Оилавий тадбиркорларга яна бир қулайлик

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ...

12.11.2019
Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида нималар ўзгарди?

Лойиҳа синов воситаларини аттестациядан ўтказишга доир янги модда билан тўлдирилган. Синов ...

Тадбирлар тақвими