Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шухрат ЯКУБОВ: Фарзандларимиз камолоти йўлида узоқ йиллар кутилган қарор

Шухрат ЯКУБОВ: Фарзандларимиз камолоти йўлида узоқ йиллар  кутилган қарор

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 9 сентябрь куни жуда муҳим ва келажак авлод камолоти йўлида катта ижобий натижалар бериши кутилаётган тарихий ҳужжат – “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор имзоланди.

Мазкур қарорнинг заруратини қуйидаги омилларда кўришимиз лозим:

Биринчидан, мактабгача ёшдаги болага сингдирилган билим ва қадриятлар унинг бутун келгусидаги ҳаётини белгилаб бериши сабабли мактабгача таълим уйғун ривожланган шахсни камолотида муҳим аҳамиятга эга. Агар, инсон ҳаёти давомида барча маълумотнинг 70 фоизни 5 ёшигача олишини, боланинг онги асосан 5 ёшидан 7 ёшгача шаклланишига эътибор қаратилса, мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг фарзандларимиз тарбиясидаги ўрни яққол намоён бўлади.

Иккинчидан, бугунги кунда республикамизда 4 893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлсада, республика бўйича болаларни мактабгача таълим мусссасаларига қамраб олиш 26 % ни ташкил этади. Бу 75 % яқин болаларнинг боғчаларга бормаётганини англатади.

Учинчидан, ушбу соҳада 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилаётган бўлса-да, уларнинг салоҳияти, касбий тайёргарлиги, малака ошириши, моддий таъминоти эътибордан четда қолган эди.

Шу билан бирга, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаётган эди.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. 

Шу муносабат билан, Давлат раҳбари томонидан эълон қилинган мазкур қарор асосида, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш масаларига алоҳида эътибор қаратилгани ва бу борадаги муҳим қадамлар мазкур қарор асосида амалга жорий этилаётганини алоҳида қайд этиш ўринли. Хусусан. Қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. 

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди. Замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилмоқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар такдим этилади.

Шунингдек, бизнинг ўз сайлов округимиздаги фаолиятимиз давомидпа сайловчилардан, хусусан фарзандлари мактабгача таълим муассаларида тарбияланаётган ота-оналар уларнинг сифатли ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги муаммолар ечими юзасидан мурожаат қилар эдилар. Мазкур масала мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлашда қатор муаммолар борлиги кўрсатарди. Қарорда бу муаммолар ижроси юзасидан ҳам аниқ механизмлар белгиланган. Хусусан, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди.

Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, таълимда инновацион техологияларни кенг жорий этиш масаларига кенг эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқсак, Қарордаги ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштириш ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишнинг назарда тутилиши алоҳида эътиборга молик.

Мазкур Қарор биз депутатлар олдига ҳам муайян вазифалар қўяди. Аввало, унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришимиз лозим. Жойлардаги ижро ҳокимияти вакилллари эътиборини мазкур жиддий вазифага қаратишимиз зарур.

Шунингдек, қарор ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш бу борадаги масъулиятли вазифамиздир. Ҳар бир депутат ўз сайлов округида мазкур қарор ижроси таъминланиши юзасидан доимо ҳабардор бўлиши лозим.

Партиямиз фаоллари, Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг ҳам мазкур Қарор моҳиятини жойларда тушунтириш борасидаги ишларга жалб этиш, улар билан бу борада самарали ҳамкорликни амалга ошириш лозим.

Умуман, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг амалга оширилиши мамлакатда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятига янгича мазун олиб кириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради. 

 

Шуҳрат Якубов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасидаги  “Адолат” СДП

фракцияси аъзоси

 


Кўришлар сони: 4293

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими