Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Умид СУЛАЙМОНОВ: Юрт тараққиётига масъуллик ҳисси

Умид СУЛАЙМОНОВ: Юрт тараққиётига масъуллик ҳисси

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик куни “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида кенг нишонланди. Байрам шукуҳи давом этаётган шу кунларда юртдошларимиз қалбида шукроналик, кўтаринки кайфият ҳукм сурмоқда. Бўлаётган тадбирларда Истиқлол асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси ёд этилиб, халқимизнинг ўзига хос тараққиёт йўли айнан шу инсон билан боғлиқлиги ҳамда ушбу дориламон кунларга осонлик билан эришилмагани хусусида ҳам сўз юритилмоқдаки, бу бугунги кунда ниҳоятда зарурдир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, энг аввало, Ислом Каримовнинг мамлакатимиз ўтган қисқа давр ичида улкан ютуқларнинг қўлга киритилишидаги тарихий хизматлари беқиёс бўлганини эътироф этди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 31 август куни пойтахтимизда, Оқсарой қароргоҳи олдида Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкали очилиши ҳам халқимизнинг буюк фарзандига бўлган юксак эҳтироми намунаси бўлди. Айниқса, Юртбошимизнинг “Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди”, деган фикрлари барчамизни яна бир бор таъсирлантирди.

Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги давр барчамиздан янгича ишлаш ва фикрлашни, юқори даражада сафарбарликни талаб этаётганини алоҳида таъкидлади. Олдимизда турган ана шу улкан вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамиятига яна бир бор эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, айни пайтда Стратегияда ижтимоий соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, табиий газ ва электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат, йўл қурилиши соҳаларида мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш, ички ишлар идораларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси изчил таъминланмоқда. Буни барча юртдошларимиз қаторида чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли ҳам ўз ҳаётидаги ўзгаришлар мисолида яққол сезмоқда.

Қолаверса, парламент ва фуқаролик жамиятининг муҳим институтлари бўлган сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтаришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли халқимизнинг ўзлари сайлаган вакилларга бўлган ишончи ортмоқда. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли янада мустаҳкамланаётир.

Умуман айтганда, Президентимизнинг тантанали маросимдаги нутқида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни глобаллашувнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилиш, мактаб ва мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш борасида қатъий қўйилган устувор вазифалар барчамизга катта масъулият юклайди. Айни чоғда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, халқимизнинг бундан-да фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида бор куч ҳамда салоҳиятимизни сафарбар этишга ундайди. Зеро, шу юрт бизники! Унинг янада гуллаб яшнаши, тараққиёти учун барчамиз бирдек масъулмиз.

 

Умид СУЛАЙМОНОВ,  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати, 

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

 


Кўришлар сони: 229

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими