Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал УМИРЗАКОВ: Эркин бозор муносабатларига асосланган валюта сиёсати иқтисодий тараққиёт кафолати

Акмал УМИРЗАКОВ: Эркин бозор муносабатларига асосланган валюта сиёсати иқтисодий тараққиёт кафолати

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги биринчи зарурий қадам сифатида валюта сиёсатини ислоҳ қилишга эътибор қаратилаётгани кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлаш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этишга, хизмат қилади.

Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бозор тамойиллари асосида валюта ресурслари оқимининг самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, ташқи савдода валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини ошириш мақсадида 2017 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши ҳам бунинг яққол мисолидир.

Ушбу ҳуқуқий хужжат мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган мавжуд қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармасининг баҳоларига кўра, валюта сиёсатини либераллаштириш ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки, кейинги йилларда айрим товар ва хизматларни (автомобиллар, авиачипталар ва бошқалар) республика ҳудудида чет эл валютасига сотиш амалиёти тадбиркорлар ва аҳолига ноқулайликлар яратиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлаётган эди. Товар ва хизматлар нархини чет эл валютасида ўрнатиш ҳолатлари ҳам Марказий банк расмий курси ўзгариши оқибатида нархларнинг миллий валютага ҳисобланганда асоссиз равишда ошишига олиб келаётган эди. Фармон билан республика ҳудудида барча товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар ва тўловлар, давлат божларининг ундирилиши, товар ва хизматлар нархларининг белгиланиши фақат миллий валютада амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бу эса ўз навбатида айнан ана шу камчилик ва муаммоларни бартараф этилишига қаратилганлиги билан эътиборлидир.

Кўплаб юртдошларимизни ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадларда хорижга бориш учун валюта сотиб олиш, уларни эркин тасарруф қилиш борасида кўплаб чекловларга қатъий риоя қилишлари талаб этилар эди. Мазкур Фармон билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини банкларда эркин сотиб олиш ва сотиш кафолатланмоқда.

Юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни банклардаги ҳисобварақлар орқали амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бозор курсида чет эл валютасини сотиб олиш имкониятининг яратилиши иқтисодиётда “яширин” фаолият юритишни кескин қисқаришига ва пул маблағларини банк орқали айланишига хизмат қилади.

Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, шу жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин бўлмоқда.

Халқ истеъмол товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар банклардаги ҳисобварақларида савдо тушумини ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш ва чет элда чекловларсиз, шу жумладан, товарларни импорт қилиш учун ишлатиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга Фармонда кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, шу жумладан, оилаларнинг алоҳида давлат кўмагига эҳтиёжманд тоифаларига уй-жойларни таъмирлаш ёки харид қилиш, қорамол, парранда ва энг зарур маиший техника сотиб олишга кўмаклашиш ҳисобига аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ чораларини кўриш кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, Фармоннинг қабул қилиниши валюта ресурсларидан фойдаланишда бозор механизмлари ролини оширишга, валюта бозорида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароитларини яратишга, экспортни ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эгадир.

Акмал УМИРЗАКОВ,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 138

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими