Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ: Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштиришнинг янги механизми

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ: Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштиришнинг янги механизми

Таълим ва тарбияни мустаҳкамлаш, сиҳат-саломатликни кафолатлаш юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳисобланади. Ҳар бир инсоннинг малакали касб-ҳунар эгаллаш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга оид ҳуқуқлари Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Айни пайтда таълим ва тиббиёт тизимида айрим муаммолар кўзга ташланмоқда-ки, бу уларнинг молия йўналишидаги камчиликлари ҳисобига юзага келаётганини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссиянинг жойларда ўтказаётган ўрганишларида ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари (шифокор) молия-иқтисод соҳасида махсус билим ва малакага эга эмасликлари, бунинг натижасида маълум бир қийинчиликларга дуч келинаётгани аён бўлди. Яъни,таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир муассаса юридик мақомга эга бўлгани туфайли бюджетдан маблағ ажратилиши ва  уларнинг сарфланиши юзасидан  ҳисоботлар ва турли маълумотларни молия, ғазначилик ва солиқ органларига алоҳида тақдим этиб келган. Бир сўз билан айтганда, молиялаштириш тизими етарли даражада ташкил этилмаган эди.

Амалдаги тартибларга кўра, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари давлат инвестиция дастурлари асосида бажариб келинмоқда. Лекин бу бинолардан кейинчалик фойдаланиш ва уларни лозим даражада сақлаш учун туман (шаҳар) бюджет муассасаларида имкониятлар етарли эмас эди, айрим ҳолларда кичик таъмирлаш билан боғлиқ ишлар ишчи ходимлар ёки ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан бажарилган.

Бугунга кунда ўта долзарб ҳисобланган ушбу масалалар мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори билан ўз ечимини топди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, эндиликда таълим ва тиббиёт муассасаларида ҳисоб-китоб ва ҳисобот механизмларининг шаффофлигини таъминлаш ва такомиллаштириш, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ва халқаро тан олинган молиявий назорат стандартларини жорий этиш йўли билан бюджет қонунчилиги бузиш ҳолатларини олдини олиш профилактикаси ва огоҳлантиришга йўналтирилган давлат молиявий назоратини тубдан қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида, туман тиббиёт бирлашмаларида марказлашган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилиши ушбу қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Яъни тизимдаги ҳар бир бюджет муассасаларида ҳисоб-китоб ишларини ягона тизимга бирлаштирилгани ҳисоб ва ҳисобот ишларини самарали ташкил қилиш билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги раҳбар ҳодимларнинг ўзининг асосий фаолияти билан шуғулланишларига кўпроқ имкон беради. Бу, айниқса, таълим сифати ошиши ва ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Соғлиқни сақлаш муассасаларида эса соғлом она ва соғлом бола концепциясини ривожлантириб, аҳоли саломатлигини таъминлашга эътибор кучаяди.

Яна бир имкониятлардан бири — халқ таълими бўлимлари ва тиббиёт бирлашмаларида улар бўйсунувидаги ташкилот ва муассасаларнинг бино ва иншоотларини эксплуатация қилиш, газ, сув, электр-энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ҳолатини мониторинг қилиб бориш, шунингдек, ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларини ташкил қилинишидир. Бунинг натижасида бино ва иншоотларни сақлаш учун замин яратилди.

Қарорда давлат молиявий назоратини такомиллаштириш бўйича Идоралараро Кенгаш ташкил этилиб, Давлат молиявий назорати ва ички аудит фаолиятини ташкиллаштириш ва амалга оширишнинг халқаро тан олинган услублари ва воситаларини жорий қилиш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш унинг асосий вазифалари қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида ички назоратни олиб бориш функцияси ҳам белгилаб берилди. Бунда бевосита марказлашган молия-бухгалтерия тизими билан биргаликда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига эришилади.

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Комиссия томонидан жойларда тиббиёт тизими муассасалари фаолияти ўрганилганда, уларда, хусусан, қишлоқ оилавий поликлиникаларида дори-дармон ва боғловчи воситаларни харид қилишда ҳар бир муассаса алоҳида тендер (танлов) савдоларида иштирок этиши, бу эса қайсидир маънода, тиббиёт ходимларининг хўжалик-молия масалалари билан банд бўлиши, боз устига аҳолига керакли воситаларнинг ўз вақтида етказиб берилмаслигига, пировардида тиббий хизмат сифатининг пасайишига олиб келаётган эди. Эндиликда қарор билан мазкур муаммоларга барҳам берилиб, унинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Чунончи, туман бўйича дори-дармон ва боғловчи воситаларни сотиб олишда туман тиббиёт бирлашмасининг ўзи тендер (танлов) савдоларида иштирок этади, дори дармон ва боғловчи воситаларни сотиб олади ҳамда ҳар бир муассасага узлуксиз тарқатади.

Хулоса қилиб айтганда, таълим ва тиббиёт тизимидаги молиявий муносабатларнинг такомиллаштирилиши, шак-шубҳасиз, ҳар иккала соҳани янада ривожлантиришга асос бўлади. 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.    


Кўришлар сони: 476

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими