Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Устувор вазифаларни қатъий амалга ошириш экологик барқарорликнинг муҳим омили

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Устувор вазифаларни қатъий амалга ошириш  экологик барқарорликнинг муҳим омили

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаcида баён этилган фикрлар ва унда илгари сурилган ғоялар мамлакатимиз экологларининг ўз фаолиятларига танқидий ҳамда таҳлилий баҳо бериб, галдаги устувор вазифаларни белгилаб олишида дастуриламал бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузасини Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари томонидан Экоҳаракат Марказий Кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаоллари орасида кенг муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.  Маърузада белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилди. Унда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Экоҳаракат ҳудудий бўлинмаларининг режалари қайта кўриб чиқилди. Бунда, давлатимиз раҳбари маърузасидан келиб чиққан ҳолда, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, хусусан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси  маҳаллий давлат ҳокимият органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳудудларда экологик муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш белгилаб олинди. Хусусан, ҳудудларда фаолият олиб бораётган I ва II тоифадаги барча йирик саноат корхона ва ташкилотлар фаолиятини ўрганиш ҳамда ушбу субъектларда жамоатчилик асосида, қоида тариқасида, мазкур субъектлар ходимлари орасидан Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларини жорий этиш,  ҳудудларнинг тоза ичимлик сув билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш ва ҳукуматга таклиф тайёрлаш, узлуксиз экологик таълим Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамда Экоҳаракат томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият тури бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги барча субъектлар рўйҳати ва уларда жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакиллари бўлиши юзасидан таклифлар тайёрланмоқда.

Мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича Экоҳаракат Марказий Кенгаши ва унинг Парламентдаги депутатлик гуруҳининг позицияларини ишлаб чиқиш ва оммавий ахборот воситаларида чиқишларни кўпайтиришга ҳам амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар сифатида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган фармон ва қарорлари, шунингдек энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масалалар бўйича Экоҳаракатнинг позицияларини ишлаб чиқиш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Бу борада Экоҳаракат раҳбарияти ва фаолларидан иборат таркибда доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳи тузилди ҳамда Президентимизнинг экология ва атроф муҳит муҳофазаси борасидаги муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган фармон ва қарорлари  бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Маърузада белгилаб берилган  устувор вазифалардан келиб чиқиб, Экоҳаркат депутатлик гуруҳи соҳага оид қонунлар ижроси ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, сайёр йиғилиш тартибида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 8 январдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Қашқадарё ва Навоий вилоятлари қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти ва санитарияси” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Қашқадарё ва Навоий вилоятларида ижро этилиши ҳолатини Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан парламент назорати фаолияти тартибида ўрганиш кейинги чоракда режалаштирилди. Шунингдек, “Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий ташиш ва уларни йўқ қилиш устидан назорат қилиш тўғрисида”ги Базель конвенциясининг (Ўзбекистон унга 1995 йилда қўшилган) бажарилиши ҳолатини ўрганиш ҳам режалаштирилган бўлиб, бунда, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун нормаларини бузганлик учун  жавобгарликни ошириш ва компенсация тўлаш тартибини назарда тутиш, Конвенциянинг қоида ва талаблари Ўзбекистон томонидан бажарилиб бориши тўғрисида алоқадор вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотини эшитиш масалаларига эътибор қаратилади.

Бу борада яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экоҳаркатнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари доирасини аниқлаш, уларнинг ҳисоботи ва ахборотини тегишлича гуруҳ йиғилишларида, ҳудудий бўлинмалар ташаббуси асосида жамоатчилик эшитувлари ва маҳаллий кенгашларда эшитиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Иш режаларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдалар.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг мазкур маърузасида миллий парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бу борада депутатлик гуруҳи доимий равишда парламентда чинакам баҳс-мунозараларни, принципиал тортишувларни кучайтириш бунда, Қонунчилик палатасига киритилган ҳар бир масалани Экоҳаракат депутатлари гуруҳи йиғилишларида Экоҳаракатнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб муҳокама этилишини таъминлаш, муҳокама этилган масала юзасидан ўз принципиал позициясини ишлаб чиқиш ҳамда йиғилиши кун тартибига киритилган масалаларни вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида муҳокама қилиш тизимини жорий қилиш лозимлигини белгилаб олдилар.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни қатъий амалга ошириш мамлакатимиз экологик барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

          Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

 депутати,  Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси.


Кўришлар сони: 4458

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...

Тадбирлар тақвими