Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўткир Турсунов: Қонунларни кенг муҳокама қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

Ўткир Турсунов: Қонунларни кенг муҳокама қилиш тизими  такомиллаштирилмоқда

Қонун ижодкорлиги жараёнида қабул қлинадиган ҳужжатларнинг халқчиллигини таъминлаш, бунинг учун эса уларни соҳа мутаҳассислари ва экспертлар, энг асосийси оддий фуқаролар билан муҳокама қилиб, таклиф ва тавсиялар олиниши уларнинг мукаммаллигини таъминловчи муҳим омиллар саналади. Бинобарин, мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам Қонунларни қабул қилишда жамоатчилигимиз, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаяпти. Қонунлар қабул қилиниши билан халқимизнинг оғири енгил бўлдими, унинг ҳаётидаги муаммолар ҳал бўлдими, деган саволлар билан, афсуски, ҳеч ким қизиқмаяпти” деб таъкидлаб ўтган эди.

          Дарҳақиқат, қабул қилинадиган қонунлар халқимиз фикрига ҳамоҳанг, реал ҳаётга, бугунги кун талабига мос бўлишига кўпроқ эътибор қаратиш Қонунчилик палатасининг бугунги кундаги фаолиятининг устувор йўналиши бўлмоғи лозим.      Шу маънода, айни пайтда қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилингандан кейин жойларда учрашувлар ўтказилиб, партия, унинг электорати, давлат органлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, уларда бир қатор асосли таклифлар билдирилмоқда. Қолаверса, биринчи ўқишдан ўтган айрим муҳим  қонун лойиҳаларнинг таклифлар олиш учун қуйи палата расмий веб-сайтига жойлаштирилгани ҳам ушбу ҳужжатлар юзасидан фуқароларимизнинг бевосита фикрларини олиш имконини бермоқда. Албатта,  қонун ижодкорлиги жараёнида бундай усуллардан самарали ва кенгроқ фойдаланиш, энг асосийси доимий асосда тизимли ташкил этиш кутилган натижани беради.

          Давлатимиз раҳбари томонидан 12 июль куни белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, сиёсий партиялар ва Қонунчилик палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, жумладан,  қуйи палатага келиб тушган қонун лойиҳалари бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва шу орқали қонунларни пухта бўлишини таъминлашда партия ташкилотларининг иштирокини кенгайтириш механизми ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда, Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳаларини сиёсий партияларга, сиёсий партиялар томонидан энг қуйидаги партия ташкилотларигача етказиш амалиёти жорий этилади. Бунда, барча даражадаги партия ташкилотлари биринчидан, парламентда кўрилаётган масалалар, қонунлар бўйича маълумотга ва тушунчага эга бўлса, иккинчидан, партияга мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўзининг аниқ таклифларини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш имконияти яратилади.

          Энг асосийси, бундай амалиётнинг жорий этилиши тегишли партия фракциясининг қабул қилинаётган қонун лойиҳаси бўйича умумий позициясини шакллантиришда ҳисобга олинади ва бу ўз навбатида сайловчилар фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда у ёки бу  қонун лойиҳасини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, муҳим ижимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф  ва мулоҳазаларини ўрганиш тизимини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугун парламентнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолияти янги босқичга чиқмоқда. Депутатларнинг ҳар ойда 10-12 кун давомида ўзлари сайланган вилоятга бориб, одамлар турмуш тарзи билан танишаётганлиги қонунларнинг энг қуйи тизимда қандай бажарилаётганлиги, фуқароларимиз қонунларимиздан қанчалик хабардор эканлиги билан танишиш имконини бермоқда.

Ўйлаймизки, қонун лойиҳалари муҳокамаси доирасини қанчалик кенгайтирсак, улар шунча пухта ишлаб чиқилади. Фуқароларимиз, кенг жамоатчиликнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги фуқаролик позицияси ҳам юксалиб боради.

 

Ўткир Турсунов, Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1754

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2017
Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари

Давра суҳбатида таъкидланганидек, жойлардаги назорат ишлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиял...

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

Тадбирлар тақвими