Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Расул КУШЕРБАЕВ: Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот

Расул КУШЕРБАЕВ: Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот

Ундан ёш авлодни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Фарзанд тарбияси масъулият ва жавобгарликни талаб этади. Айниқса, ҳозирги ахборот технологиялари асрида боланинг маънавий-руҳий дунёсини турли ёт хуружлардан ҳимоя қилиш ҳаётий заруратдир.
Бинобарин, сўнгги пайтларда ҳар хил сайтларда зўравонлик, фаҳш, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш, турли оқимларга даъват этувчи, қўпорувчилик,  шунингдек, маънавиятимиз ва қадриятларимизга  мутлақо  ёт ғояларни тарғиб этувчи ахборотлар учрамоқдаки, бунинг олдини олиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  қонун лойиҳасида болаларни бузғунчи, руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан асраш, саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлаш масалалари ифодаланаётганлиги аҳамиятлидир. Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш уларнинг ахборот олиш кафолатлари таъминланишига монелик қилмайди, аксинча ушбу йўналишда ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишни назарда тутади. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур  қонун лойиҳасида ана шу жиҳатлар долзарблиги билан қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Депутатлар қонун лойиҳасининг номланишидан тортиб, унинг мақсад ва ғояси бўйича турлича ёндашувларини баён қилдилар. Мазкур ҳужжат моддаларининг бир-бирига боғланмагани, нормалар очиб берилмагани танқид қилинди. Албатта, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида буларга эътибор қаратган ҳолда, уни такомиллаштириш бўйича экспертлар, фуқаролардан келиб тушадиган таклифларни ўрганамиз. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтига жойлаштирилгани, шак-шубҳасиз, ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланишига имкон беради.   
Қонун лойиҳасида ушбу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ўз аксини топмоқда. Бу эса болалар тақдирига, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишларига ҳар биримиз масъул эканимизни кўрсатади.  
Бундан ташқари, унда болаларнинг соғлиғи ва камол топишига зарар етказадиган ахборот бўйича асосий тушунчалар, шу каби ахборот турлари аниқ берилаётгани ушбу қонун нормаларини субъектив ва эркин равишда изоҳлашни чеклаш имконини беради. Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ва ахборот маҳсулотининг ёш тоифаларини аниқлаш, ахборот маҳсулоти экспертизасини ўтказиш ҳамда унинг оқибатлари, шунингдек, эксперт хулосасини тақдим этиш асослари белгилаб берилган. Энг муҳими, болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ижроси юзасидан давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши белгиланган.
Қонун лойиҳаси вояга етмаган ёки бошқалар парваришига боғлиқлиги сабабли алоҳида ҳимояга муҳтож болалар маънавияти ва келажагини ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ахборотдан муҳофаза қилиш соҳасида ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ва халқаро шартномалар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Хусусан, Бола ҳуқуқлари декларацияси, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясига қўшимча БМТнинг одам, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги Протоколи, Европа Кенгаши Парламенти Ассамблеясининг Бола савдоси ва болаларни эксплуатация қилишнинг бошқа шакллари бўйича тавсияси ҳамда бошқа муҳим халқаро шартномалар қоидалари инобатга олинган. 
Айни вақтда қонун лойиҳасини манфаатдор давлат органлари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда олимлар ва тегишли соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилиш ишлари бошланди. Албатта, билдирилган таклифлардан қонун лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланилади.
Умуман айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, энг аввало, ота-оналарга фарзандларини тарбиялаш, уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, ҳар қандай ривожланган жамият ва ҳуқуқий давлатда зарур бўлган болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратиш, болаларнинг жамиятга қарши тажовузкор ва бошқа кўринишдаги хатти-ҳаракатларининг олдини олишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг ахлоқий ва маънавий хавфсизлигини таъминлашда ўрни беқиёсдир.

Расул КУШЕРБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 2063

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2017
Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари

Давра суҳбатида таъкидланганидек, жойлардаги назорат ишлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиял...

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

Тадбирлар тақвими