Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамият тафаккурининг эгалари Президент эътиборида

Жамият тафаккурининг эгалари Президент эътиборида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида туб ўзгаришлар, янгиланишлар амалга ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Гарчи, ҳар қандай ривожланиш маънавият ва маърифат пойдеворига қурилмас экан, унинг бардавомлигини таъминлай олмаймиз.

Шундай экан, миллатимиз зиёлилари, санъат аҳли ва ижодкорлар мамлакатимизда юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол ижрочиси ва иштирокчиси, халқимизни янги марралар сари руҳлантирувчи асосий куч сифатида намоён бўлишлари даркор. Зеро жамият тафаккурининг эгалари бўлган ижодкор аҳли оддий одамлар кўра билмаган, ҳис эта олмаган воқеликларни кўришади, англашади.

Юртимиз қадимдан адибу санъаткорлар, саркарда ва файласуфлари билан машҳур. Улар томонидан яратилган бой маънавий мерос, илмий ва бадиий асарлар бугунги кунга қадар инсоният ривожига хизмат қилиб келмоқда. Аммо бугун биз буюк аждодларимиздан фахрланиш билан чекланиб қолмоқдамиз. Уларнинг асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини таҳлил этишда сусткашликка йўл қўймоқдамиз.

Шунинг учун ҳам Президентимиз учрашувда буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди кино, театр, бадиий ва илмий асарларга мавзу бўлмаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Енгил-елпи, кундалик қайнона-келин муносабатлари ва муҳаббат мавзуларининг қайноқ муҳокамасидан кўра фарзандларимизнинг тарбияси, дунёқараши ва ўз-ўзидан давлатимиз келажагини белгилаб берувчи омил сифатида шонли ўтмишимиз, буюк аждодларимизни намуна қилиб кўрсатмаслик авлодларга хиёнат билан баб-баравар эканлигини айтиб ўтдилар.

Афсуски, бугун ёшларимиз бошқа миллат қаҳрамонлари ҳақида ўз миллий қаҳрамонларимиздан кўра кўпроқ маълумотга эга. Бу эса ўз ўрнида уларда ғарбнинг ёт бўлган ғояларига интилиш, тушуниб-тушунмасдан амал қилишига олиб келмоқда. Бунда ижодкор ва санъаткорларимизнинг ҳам салбий маънодаги ҳиссасини таъкидлаб ўтиш зарур. Шу сабабли давлат раҳбари томонидан бу камчиликни бартараф этиш мақсадида ҳар йили давлат буюртмаси асосида кино ва мультипликация асарлари яратилиши, унда миллатимиз ва маънавиятимиз учун муҳим бўлган мавзулар илгари сурилиши белгиланиб бунинг учун зарур бўлган маблағлар ажратиб берилади.

Партиямизнинг сайловолди платформасида белгиланган, лекин одамлар дунёқарашида ўзгартириш жуда қийин кечаётган тўй-маъракаларни ўтказиш масаласи Давлатимиз раҳбари томонидан миллий маънавиятимизга жиддий путур етказаётган омиллардан яна бири сифатида кун тартибига олиб чиқилди. Анъаналаримизга зид, миллий маданиятимизга тамоман тўғри келмайдиган қадриятларни олиб кирилиши камтарлик, ўзаро кўмак, меҳр-оқибат каби халқимизга хос бўлган азалий одатларимизни йўққа чиқармоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала - дунёда ислом маданиятининг нотўғри талқин қилинишидир. Ким бугун муқаддас динимиз номидан дунёга жаҳолат уруғини сочмоқда. Ислом дунёсининг таълим кўрмаган ёшлари эмасми? Уларга ким таълим бериши керак? Ўз даврида исломни инсониятга мазмун ва моҳиятини англатиб берган буюк боболаримиз Бухорий ва Термизийларнинг бу мавзудаги асарларини ижодкорларимиз таҳлил қилиб дунёга тарқатишлари керак эмасми? Бунга биз даъвогарлик қилмасак ким даъвогарлик қилади? Шу сабабли Президентимиз томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Ислом маданият маркази ва Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган муҳаддислар мактаби нафақат мамлакатимиз, балки ислом дунёси учун аҳамиятли бўлган ташаббуслар эканлигини айтиб ўтиш зарур. Ислом маданияти марказининг ташкил этилиши миллатимизнинг ислом цивилизациясидаги юксак ўрнини кўрсатиб бериш учун жуда зарур эканлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг маънавий ва маърифий ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўладиган ўндан ортиқ қарорлар бевосита санъат аҳли ва зиёлилар билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрига қулоқ тутган ҳолда қабул қилинди. Бу қарорлар замирида соҳада узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмай турган муаммолар бартараф этилади. Жумладан, нафақадаги санъаткорларнинг нафақа пулларини тўлиқ олиши, санъат ва мусиқа олийгоҳларида қабул талабларини қайта кўриб чиқилиши, санъат ва маданият даргоҳларида ҳамкор дўстлик гуруҳларини ташкил этилиши, санъат мактабларига халқ артистларини устозлик мақомида иш олиб борилиши каби муҳим таклифлар мамлакатимизнинг маданият ва санъат ҳаётида катта ўзгаришлар ва ривожланишга олиб келиши муқаррар.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаси ўз моҳияти ва аҳамияти билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир. Зеро, партия ижодкор зиёлилар манфаатларини ҳимоя қилиш, адабиёт, санъат, маданият соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади. Хусусан, партия Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини халқаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, ҳозирги Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кино асарларни яратиш ва уларни дунё жамоатчилиги диққат-эътиборига етказиш тарафдори. Шунингдек, болаларнинг миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг энг яхши асарлари билан ошно бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, санъаткор, айниқса, ёш хонанда ва созандаларимизнинг ҳалқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига эришишни илгари суради.

ЎзМТДП ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари партиянинг ушбу дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, Президентимиз маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.


Сарвар Отамуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 3562

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2017
Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари

Давра суҳбатида таъкидланганидек, жойлардаги назорат ишлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиял...

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

Тадбирлар тақвими