Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Депутатлар ўз фаолиятида талабчанликни оширади

Депутатлар ўз фаолиятида талабчанликни оширади

Президентимизнинг парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида, сиёсий партиялар фракцияларида кенг ўрганилмоқда. Парламент фаолиятига оид камчиликларни бартараф этиш, парламент назорати бўйича таъсирчан ва самарали тизим яратиш, фракциялар ишини жонлантиришга оид таклифлар ўртага ташланаяпти. Мухбиримиз бу ҳақда депутатлар фикрлари билан қизиқди.


Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари: 

— Давлатимиз раҳбари маърузасида парламент қуйи палатасида, умуман, жамиятда сиёсий тизимни ривожлантиришдаги камчиликлар, имкониятдан етарлича фойдаланилмаётгани оқибатлари рўйи-рост очиб берилди. Мисол учун, ҳар бир сиёсий партия каби Халқ демократик партияси ҳам сайловларда ўз дастурини ишлаб чиқиб, сайловчилар, одамлар олдида кўплаб ваъдалар берган. Бироқ уларнинг ижроси юзасидан биз томондан ташаббускорлик сезилмаяпти. Шу туфайли аҳолининг халқ вакилларига нисбатан ишончи йўқолмоқда.

Очиғини айтиш керак, жамият сиёсий партия ғояларидан илгарилаб кетаяпти. Бу яхши, албатта. Лекин партия ташкилотларимиз, фракциямизнинг сиёсий кучи, халқ билан мулоқот қилишдаги амалий ҳаракатлари ислоҳотлар жараёнида кўринмаяпти. Аксинча, биз турли мавзуларда самарасиз тарғибот ишларини кўпайтириб юборган эканмиз.

Парламент фаолиятида биринчи бор фракциямиз ўзини Демократик кучлар блокига нисбатан мухолифат, деб эълон қилди. Лекин тажриба, танқидий таҳлил етарли эмаслиги, сайловчилар билан мулоқот камлиги натижасида қонунчиликда белгиланган имкониятлардан фойдалана олмаяпмиз. Қонун ташаббускорлигида эса депутатларнинг фаоллиги сезилмаяпти. Мавжуд камчиликларнинг асосий сабабларидан бири, бу — реал ҳаётдан узилиб қолганимиз, деб танқидий хулоса қилдик.  

Бинобарин, бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари кўлами ортиб бормоқда. Бу ўз устимизда тинмай ишлашимизга, партия ва депутатлар фаолиятини тубдан кучайтиришга туртки бўлиши керак. Масалан, аъзоларимизнинг 35 фоизини ёшлар ташкил этади. Юртбошимиз ташаббуси билан давлат ва жамиятда ёшлар билан ишлаш тизими тубдан ўзгараётганини ҳисобга олсак, мазкур масалалар биз учун ҳам ўта муҳим ва долзарбдир. 

Нурия АЙТЖАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси: 

— Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб. Президентимизнинг шу хусусда куйинчаклик билан айтган сўзлари биз, депутатларни чуқур ўйга солди. Бу борада ташаббус кўрсатмаганимиздан хижолат тортдик. Бинобарин, давлатимиз раҳбари Президент сифатида илк ташрифини Қорақалпоғистон Республикасидан бошлагани, ташриф асносида 101 километрлик, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш қувватига эга, 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган Қўнғирот — Мўйноқ тармоғи қурилишига пойдевор қўйилгани қорақалпоқ фарзанди сифатида мени жуда қувонтирди. Жорий йилнинг 1 июль куни мўйноқликлар учун тарихий кун бўлди, десам, сира янглишмайман. Турли соҳаларда амалга оширилаётган бу каби беқиёс ўзгаришларга ўз ҳиссамизни қўшишда барча имкониятдан тўла-тўкис фойдалана олмаётганимиз, очиғи, жуда афсусланарлидир. 

Аҳоли билан мулоқотларимиз кўп ҳолларда расмиятчиликка, сохта ҳисоботлар беришга асосланиб қолаётгани,  бундай кўзбўямачилик ҳеч кимга керак эмаслиги ҳақидаги жиддий танқид тегишли хулосалар чиқаришимизни талаб этади. Навбатдаги сафаримизни ташкил қилишда бундан олдин аҳоли мурожаатларини ҳал этиш бўйича қилган амалий ишларни таҳлил этишимиз, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишимиз мақсадга мувофиқдир.

Раҳимжон ҲАКИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган қисқа давр ичида биз, депутатлар билан тўртинчи марта учрашди. Бу галги йиғилиш ҳар доимгидан ўзгача бўлди. Очиқ, самимий мулоқот асосида Президентимиз сиёсий партиялар, парламентимиз палаталари фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, холисона баҳо берди. Бизни ўйлантираётган, жавобини топа олмаётган кўплаб масалаларимизнинг аниқ ечимини кўрсатди.

Эртанги кунимиз, мамлакатимиз тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнаётган қатлам — тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатини ифода этадиган партия сифатида ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлишимиз кераклигини, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаётда ўз ишимизни мутлақо янгича асосда ташкил этишимиз лозимлигини чуқур англаб етдик. Бу борадаги ишимизни, аввало, ўзимизни ўзгартиришдан, ўзимизга нисбатан талабчанликни оширишдан бошлаймиз. Фаолиятимизни барча соҳада, айниқса, ёшлар ва аёллар йўналишида, фракция, партия гуруҳлари билан олиб бораётган ишларимизда тубдан қайта кўриб чиқишимиз зарурлигини тушундик. 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар сиёсий партиялар, парламентимиз палаталари фаолиятини юксалтириш, хусусан, қонунларни қабул қилишда халқимиз билан чуқур муҳокамаларни ташкил этиш, уларнинг сифатли бўлишини таъминлаш, депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини, парламент назорати самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 



Кўришлар сони: 97

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.07.2017
Сирдарёда сиёсий партиялар фаолияти талаб даражасида эмас

Шу кунларда Президентимизнинг 2017 йил 12 июль кунидаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар...

25.07.2017
Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди

Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришде...

24.07.2017
Партия “уйғонди”: Сарвар Отамурадов уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганга келди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари Президент Шавкат Мир...

Тадбирлар тақвими