Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қатъий ҳаётий позицияга эга ёшлар — юрт таянчи

Қатъий ҳаётий позицияга эга ёшлар — юрт таянчи

Юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позициясига эга ёшлар — миллат таянчи. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди. Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари жойларда аҳоли билан мулоқотларда, ёшлар билан учрашувларда мазкур тарихий ҳужжатда белгиланган вазифалар ёшлар ҳаётида, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамиятга эгалигини эътироф этишмоқда.

 

Клара ЖУМАМУРАТОВА, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Мазкур Фармонни мамлакатимизда яшаётган ҳар бир йигит-қиз катта қувонч билан кутиб олди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, ушбу ҳужжат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда мазкур Фармондан келиб чиқиб, соҳада олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш тизимини шакллантириш мақсадида партиямизнинг устувор вазифаларини белгилаб олдик. Айтиш жоизки, ўтган вақт мобайнида партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Албатта, бу борадаги фаолиятимизни қониқарли, деб бўлмайди. Шунингдек, бугунги кунда сиёсий партиялар фаолиятига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, жойларда замонавий тарғибот тадбирларини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали усулларидан фойдаланиш, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш қоидаларини ишлаб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзози:

Дарҳақиқат, ушбу Фармон навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш баробарида, соҳада олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ҳамда ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Бу каби ишларнинг амалга оширилиши ўзбек халқининг нафақат тарихи, балки маънавий-маданий меросининг жаҳон ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин эгаллашига замин яратади. Ўз навбатида, биз, депутатлар жойларда аҳоли билан мулоқотларда, ёшлар билан учрашувларда мазкур тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиримиз, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали татбиқ этишда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ижросини ўрганишимиз айни муддаодир.

 

Аваз ЎРИНБОЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси  фракцияси аъзоси: 

— Бугун ҳудудларда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бу, айтиш жоизки, аҳоли турмуш фаровонлиги янада яхшиланишини таъминлаётир. Президентимизнинг ушбу Фармонида ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратишга қаратилган мақсадли ишларни ташкил этиш белгилаб берилди. Албатта, бу эзгу саъй-ҳаракат. Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ меха­низм­ларини яратиш, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш, шунинг­дек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоот­ларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш партиямиз сайловолди дастурида ҳам акс этган. Ушбу вазифаларни ҳал қилишда эришилган натижалар ва олиб борилаётган ишлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг сифатли уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.


Улуғбек САМАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:  

— Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда мамлакатимизда ёш авлоднинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ушбу жараёнларни янги босқичга олиб чиқади. Бинобарин, унда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, захирасини яратиш ва уларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этилиши бегиланди. Бу эса юртимизнинг янада равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга. Чунки эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз иродали, қатъиятли, юксак билимли ёшлар шижоатига бевосита боғлиқ. 


Кўришлар сони: 3877

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими