Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамшид ПИРМАТОВ: ОАВ эркин фикр минбарига айланмоғи керак

Жамшид ПИРМАТОВ: ОАВ эркин фикр минбарига айланмоғи керак

Жадал ўзгаришлар замонида тезкор ва холис ахборотнинг, журналист аҳли билдирадиган таъсирчан сўзнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.


Бинобарин, оммавий ахборот воситалари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган ва улар барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир.

Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида “...мамлакатимиз қатори Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам мустақиллик йилларида катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини барчамиз яхши биламиз ва бундай ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея алоҳида эътироф этилди. 

Дарҳақиқат, ўтган даврда мазкур соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилиб, замон талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техника базаси шакллантирилди. Натижада миллий журналистикамиз, матбаачилигимиз сон жиҳатидан яхшиланди. Ҳозирги вақтда юртимизда бир ярим мингдан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Аҳамиятлиси, ОАВ таркиби ҳам тубдан ўзгармоқда. Юртимиздаги телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг 85 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келиши бунинг исботидир. Қолаверса, анъанавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет журналистикаси ҳам тез суръатда ривожланмоқда.

Бугунги кунда глобал тармоқда “Uz” доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият юритаётгани, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, янги ижодий авлод — интернет журналистлари шаклланиб бораётгани эътиборга сазовор.

Президентимиз соҳада бундай залворли ютуқлар билан бир қаторда, миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, шу асосда ОАВнинг ҳақиқий тўртинчи ҳокимият бўлиб майдонга чиқишига эришиш, миллий медиа майдонимизда фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолаётганини қайд этди. Бу бежиз эмас, албатта.

Сир эмас, бугун юртимиздаги барча ОАВ очиқ мулоқот майдони, эркин фикр минбари сифатида ўз аудиториясини кенгайтирмоқда, деб айта олмаймиз. Аҳолини ўйлантираётган, одамларни қийнаётган ўткир муаммо ва масалаларни, уларнинг сабаб ҳамда омилларини очиб бераётган, материалларни танқидий-таҳлилий руҳда жамоатчиликка тақдим этаётган оммавий ахборот воситалари кам. Элу юрт тараққиётига ғов бўладиган бюрократизм, тамагирлик, коррупция каби иллатларни кўтариб чиқаётган журналистлар ҳам кўп эмас.

Мамлакатимиз раҳбари табригида айни жиҳатлар ҳақида сўз борар экан, оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан кенг имкониятлар яратиб бериш кераклигига аҳамият қаратилди.

Айтиш жоизки, бу вазифаларнинг амалга оширилиши яқин беш йилда ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришда дастуриламал саналган Ҳаракатлар стратегиясининг мақсад ва устувор йўналишларига ҳамоҳангдир. Ушбу ҳужжатда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ифодасини топган.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. Бу қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини белгилаш, шунингдек, уларнинг иқтисодий, ижодий мустақиллигини кафолатлаш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда журналистларнинг ролини кучайтириш имконини беради.

Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясига кўра, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро ахборот майдонига кириб бориши, дунёда ном қозонган нуфузли нашрлар ва медиакомпаниялар билан самарали ижодий алоқалар ўрнатиши учун замин яратадиган журналистларнинг касбий малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш Дастури ишлаб чиқилиши алоҳида диққатга молик.

Дарвоқе, парламентимиз фаолиятининг очиқлигини, ошкоралигини таъминлашда матбуот ва оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаш зарур. Халқ вакиллари ҳудудларда ислоҳотларнинг боришини жамоатчиликка тўлиқ ва холисона етказишда ОАВга таянмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар қабул қилинадиган қонунлар сифатини ошириш баробарида, матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қамровини янада кенгайтирмоғи мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, халқимизнинг эртанги кунга ишончини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар рўёбига ОАВнинг фаол иштирокисиз эришиб бўлмайди.

Жамшид ПИРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 1987

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими