Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Эркин ХАЛБУТАЕВ: ОАВ — ислоҳотларнинг тизимли олиб борилишида муҳим аҳамият касб этади

Эркин ХАЛБУТАЕВ: ОАВ — ислоҳотларнинг тизимли олиб борилишида муҳим аҳамият касб этади

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Байрам табригида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани, ўтган даврда журналистларимиз учун фаолият майдонини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида матбуот ва оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ва ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган, демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган 10 га яқин қонун ҳужжати қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, “Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман” деган иборалари соҳа вакилларини чуқур мушохадага чорлади.

Оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз кераклиги ҳам Президентимиз табригида айтиб ўтилди.

Шуни айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш - давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги ва "Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. Ушбу қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини белгилаш, оммавий ахборот воситалари томонидан жамоатчилик назоратини (журналистик текшируви) амалга ошириш тартиби ва журналистнинг эркин фаолият юритиши учун қўшимча кафолатларини яратиш назарда тутилмоқда.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан жамоатчилик эксперт гуруҳи билан ҳамкорликда миллий, халқаро ва хорижий тажриба чуқур таҳлил қилиниб, Қонун лойиҳаларининг дастлабки матнлари тайёрланди.

Ушбу Қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши юртимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби эзгу мақсадларимизни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини янада оширади.

Президентимизнинг байрам табригида билдирилган мурожаатлар миллий ахборот соҳасининг яқин келажакдаги ривожланиш истиқболларини, шунингдек журналистик жамоаси олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида атрофлича хабардор қилиб боришга хизмат қилади.

 

 

Эркин ХАЛБУТАЕВ, 

Ахборот ва коммуникация технологиялари

 масалалари қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 3739

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими