Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мухтабар ҲУСАНОВА: Қонун ва адолат устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти

Мухтабар ҲУСАНОВА: Қонун ва адолат устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасининг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш -борасида дунё ҳамжамияти тан олаётган қатор ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда одил судловни таъминлашга, соҳа кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий демократик тамойилларга мос тизими яратилишига, судлар фаолиятида илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишнинг йўлга қўйилиши эса судлов харажатлари камайишига, тегишли ҳужжатларни электрон шаклда жўнатиш, ишнинг боришини интернет орқали кузатиш, видеоконференция алоқаси орқали суд муҳокамаларида иштирок этиш имкониятлари юзага келишига, судларда иш юритуви сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилаётир.


Таъкидлаш жоизки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалиётга татбиқ қилиниши барча соҳа қаторида суд-ҳуқуқ ислоҳотларида ҳам давр руҳига монанд ўзгариш ва янгиланишларга замин яратмоқда. Хусусан, судьяликка номзодларни танлаш ҳамда лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида янги конституциявий орган — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида белгилангани, айниқса, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат — судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани ғоятда аҳамиятлидир.

Шу йилнинг 13 июнида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг суд органлари тизимидаги аҳвол, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифалар чуқур таҳлил этилган нутқи соҳа ривожини яна бир босқичга олиб чиқишга туртки бериши шубҳасиз, албатта. Давлатимиз раҳбари давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлиги ҳамда адолатни қарор топтириш йўлида қўлга киритилаётган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, аксинча, танқидий-таҳлилий ёндашиш, суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига эътибор қаратди. Бинобарин, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш, судьяларнинг ўз ишига масъулиятини, шахсий жавобгарлигини янада ошириш, халқимизнинг суд-ҳуқуқ органларига ишончини қатъий мустаҳкамлаш устувор мақсад ҳисобланади. 

Фуқаролар сарсон-саргардон бўлишларининг олдини олишни назарда тутган ҳолда, суд томонидан қарор қабул қилишда ё оқлов, ё қоралов ҳақида ҳукм чиқарилиши, мураккаб тоифадаги ишлар бевосита юқори судлар томонидан кўрилишини таъминлаш бугунги кунда аҳоли томонидан суд органлари фаолиятига доир кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатларни бартараф этади.

Дарҳақиқат, Президентимиз қайд этганидек, адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу нуқтаи назардан судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда мазкур мезонга таяниш, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш, судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифлар жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, судларнинг бевосита фаолияти билан боғлиқ бўлган Олий суд пленуми қарорларини хатловдан ўтказиш, қонунларга зид  нормаларини бекор қилиш чораларини кўриш, суд фаолиятини тизимли таҳлил этиш асосида қонунбузилишларни аниқлаш ва қонунчиликни такомиллаштириш, ягона суд амалиётини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши пировард натижада одил судлов самарадорлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради. Зеро, мамлакатимизда инсон — азиз, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадриятдир.

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати



Кўришлар сони: 2570

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими