Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ: Инсон манфаатларини таъминлаш — асосий мақсад

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ: Инсон манфаатларини таъминлаш — асосий мақсад

Дунё шиддат билан ўзгариб, фан ва технологиялар жадал тараққий этиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган йигит-қизларимизни турли таҳдидлар, бугунги технологик тараққиётнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини жорий этишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун ана шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Қонун амалдаги битта Конституциявий қонунга, 33 та қонунга ҳамда олтита Кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни қамраб олган. Шунингдек, 13 та Қонуннинг тегишли қисми ва бандлари ўз кучини йўқотган, деб топилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар асосида инсон ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солувчи жиноятчиликка қарши жазо турларининг қатъий белгиланиши юртимизда адолат мезонлари ҳамда инсон омили ҳар нарсадан устун эканлигини кўрсатади.

Маълумки, сўнгги йилларда интернет орқали ўсмир ёшларни ўз жонига қасд қилишга ундайдиган ўйинлар кенг тарқалиб бормоқда. Бу эса ёшларнинг руҳий қарамлигига олиб келиб, мудҳиш оқибат билан якун топмоқда. Мисол учун, глобал тармоқда пайдо бўлган “Кўк кит” ўйини аслида оддий ўйинмас, балки ҳали она сути оғзидан кетмаган ўсмирларни ажал комига етаклаётган жарликдир. Айрим мамлакатларда бу хавфли ўйин қурбонига айланганлар бор.

Республикамизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан изчил профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, юртимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан биргина “Кўк кит” ўйинининг 15-босқичига етиб келган 5 нафар ўқувчи ҳаёти ўлим гуруҳларидан сақлаб қолинган.

Ўз вақтида кўрилган тезкор тарғибот-ташвиқот ишлари туфайли аксарият ёшларимиз бундай хавфли ўйинлардан асраб қолинмоқда. Аммо ушбу жиноятни содир қилишда бевосита иштирок этаётган ва ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлаётган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланмаган эди.

Мазкур жиноятнинг жамият учун хавфи жуда юқори. Шу сабабли эндиликда Жиноят кодексига ўзини ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилди. Жиноят кодекси “Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш” деб номланган 1031-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ўзини ўзи ўлдиришга ундаш ҳолатлари учун жазо турлари кучайтирилди. Айниқса, бу жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил -бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, Хитой, Япония, Эстония ва Туркия давлатлари жиноят қонунчилигида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланган. Албатта, бундай чора ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга оғдириш ҳолатлари сонини камайтириш, жиноий-ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳаёти янада -самарали муҳофаза этишини таъминлашга хизмат қилади.

Шу ўринда яна бир масала. Хабарингиз бор, охирги вақтларда учувчисиз учиш қурилмалари(дрон)ни қўллаш билан боғлиқ ҳаво ҳудудидан санкциясиз фойдаланиш ҳолатлари дунё миқёсида кўпайган. Чунки учувчисиз учиш қурилмаларини қўл ёки автомат тарзда, шунингдек, масофадан туриб оператор бошқариши мумкин. Халқаро тажрибада бундай ҳолатлар парвозлар хавфсизлигига, алоҳида объектларнинг қўриқлаш тизимига, фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат хавфсизлигига потенциал хавф туғдириши мумкинлиги аниқланган. Бундан ташқари, учувчисиз учиш қурилмаларининг одамлар гавжум жойларга қулаб тушиши, аэродромлар ҳудудларида санкциясиз учиб ҳаво кемалари билан тўқнашиш ҳолатлари инсонлар ўлимига сабаб бўлган. Шундан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 260-моддасига қўшимча киритилди. Янги норма Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланишни чеклайди. Яъни ҳаво ҳудудидан рухсатсиз фойдаланган шахсларнинг жиноий ва маъмурий жавобгарлигини аниқлаш бўйича қонунчилигимиз тўлдирилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, шу жумладан, учувчисиз учиш аппаратлари билан, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди. Агар бу ҳаракатлар одамлар ўлимига, ҳалокатга ва бошқа оғир оқибатларга олиб келса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Худди шу каби маъмурий жавобгарлик ҳам белгилаб қўйилган.

Қонунчилигимизга киритилган шу ва бошқа ўзгартишлар фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ушбу тоифадаги жиноят ишларининг камайишига хизмат қилади.

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 4809

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими