Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Тинч-осуда ҳаётимизни асрашнинг муҳим мезони

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Тинч-осуда ҳаётимизни асрашнинг муҳим мезони

Пойтахтимизда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуида ўтган анжуман дунё манзараси жуда кескин, айтиш мумкинки, хатарли тус олаётган бугунги кунда ўта долзарб ва нозик масалаларга бағишлангани билан ижтимоий-маънавий ҳаётимизда муҳим воқеликлардан бири бўлди. 

Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Мазмун-моҳиятан кенг қамровли, ҳаётий таҳлиллар асосида чуқур ёндашилган ҳамда давлат ва жамият олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар аниқ кўрсатиб берилган ушбу нутқни жамоатчилик катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Президентимиз оилаларимизда, маҳаллаларимизда, бутун жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз тақдири ҳамда келажагини ҳал қилишини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

Кўп миллатли юртимизда тинчлик-осойишталикнинг ҳукм суриши барча жабҳада инсон омили устуворлигини, миллий ва -умуминсоний қадриятларнинг бардавомлигини таъминлаш саъй-ҳаракатлари билан узвий боғлиқдир. Бинобарин, Конституциямиз ҳамда қонунларимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқаро тенг ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эга экани кафолатлаб қўйилган. Бу эса миллатлараро жипсликни сақлаш, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси билан яшаш, халқ манфаатларини самарали муҳофаза қилиш каби эзгу мақсадларга ҳамоҳанг.

Шу ўринда қайд этиш керакки, мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш чора-тадбирларига эътибор қаратилиб, бунга мос равишда муқаддас динимизни, миллий қадриятларимизни, азиз-авлиёларимизнинг меросини тиклаш, табаррук қадамжоларни обод қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, беназир олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўргандик, дея олмаймиз. Халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини, айниқса, ёш авлод ўртасида тарғиб этишни кучайтириш, ўғил-қизларимизда асрлар оша ўз қийматини йўқотмай келаётган асл қадриятларимизга нисбатан юксак эҳтиром, садоқат ҳисларини уйғотиш йўлидаги ишларни янада жонлантириш талаб этилаяпти. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, тарихимизга, маданиятимизга, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялаш борасида жонбозлик кўрсатишимиз зарур.

Президентимиз ҳозирги вақтда дунёда сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқлигини, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солаётганига урғу берди. Ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш барчамиз учун энг асосий масала эканлигини, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундашини, ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмаслигини, ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш, бу — Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмаслигини қайд этиб, юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлаш бўйича барча дин аҳлига, жамоатчиликка мурожаат қилди. Шу билан бирга, зарарли диний оқимларга кириб қолган ёшларни, йўлдан адашганларни дарров душманга чиқармасдан, уларни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз кераклигини уқтирди.

Дарҳақиқат, оиладаги носоғлом муҳит ёки эътиборсизлик, назоратсизлик ва бошқа қатор сабаблар туфайли жиноят оламига кириб қолган, “оммавий маданият”, турли ёт ғоя ҳамда иллатлар таъсирига берилиб, жарлик ёқасида турган боланинг кўксидан итармай, аксинча, уни тўғри йўлга бошлаш барчамизнинг вазифамиз ҳисобланади. Ахир бир боланинг адашиши биргина оила учун эмас, балки бутун жамият учун фожиа. Шу маънода, ёшлар билан ишлаш масаласига давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари янада масъулият, замон талабларидан келиб чиқиб ёндашмоғи шарт.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш бўйича олиб бо-раётган тизимли ишларида ушбу мезонга таянган ҳолда одамларни меҳр-оқибатга, ҳалолликка ундаш, ёшларни одоб-ахлоқ -руҳида тарбиялаш, оилаларда, маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш чора-тадбирларига диққат қаратмоғи айни заруратдир.

Давлатимиз раҳбари нутқида белгиланган вазифаларни жойлардаги маҳаллий депутатлар, ҳокимият вакиллари, фуқаролик институтлари ҳамда имом-хатиблар билан ҳамкорликда рўёбга чиқариш ижтимоий-маънавий соҳалардаги мавжуд муаммоларни узил-кесил бартараф этиш, баркамол авлодни вояга етказиш, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 166

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.07.2017
Сирдарёда сиёсий партиялар фаолияти талаб даражасида эмас

Шу кунларда Президентимизнинг 2017 йил 12 июль кунидаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар...

25.07.2017
Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди

Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришде...

24.07.2017
Партия “уйғонди”: Сарвар Отамурадов уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганга келди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари Президент Шавкат Мир...

Тадбирлар тақвими