Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Алишер МАХМАТМУРОДОВ: Халқ билан биргамиз

Алишер МАХМАТМУРОДОВ: Халқ  билан  биргамиз

Жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжумандаги Президентимизнинг маърузаси бизни жуда руҳлантирди. Давлатимиз раҳбари ушбу маърузасида барчамизни Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилишга даъват этди. Юртбошимиз томонидан жонкуярлик билан билдирилган шу муқаддас юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг эртанги тақдири, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ҳаётига дахлдор долзарб масалалар айни халқимизнинг қалбидаги оғриқлар ва орзуларни ифода этди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳақиқатдан ҳам, оилада, маҳаллада муҳитнинг соғломлиги жамиятда муҳитнинг соғломлигига олиб келади. Бу эса, аввало, тинч-осуда ҳаёт, барқарор тараққиёт кафолатидир.

Албатта, бундай натижага ўз-ўзидан эришиб қолинмайди. Зеро, ҳаёт бир жойда турмайди, тараққиёт бор экан, ривожланиш бор экан, ютуқ-муваффақиятлар билан бир қаторда янги-янги муаммолар, янги-янги саволлар ҳам келиб чиқаверади. Айниқса, ўсиб келаётган фарзандларимиз тарбияси, уларнинг дунёқарашини, онг-шуурини, маънавиятини шакллантириш масаласи ҳамиша биз учун биринчи даражали муҳим вазифа бўлиб келган ва шундай бўлиб қоладиям. Ахир болаларимиз бизнинг эртанги кунимиз, келажагимиз. Халқ тили билан айтганда, арпа экиб буғдой кутмайдилар, демак, бугун нима эксак, эртага ўшанинг ҳосилини оламиз. Бу жараёнда эса масаланинг катта-кичиги бўлмайди, уларнинг ҳаммаси бирдай муҳим.

Ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамиз ҳам маҳаллада истиқомат қиламиз. Кўп ҳолларда маҳаллада кимнинг аслида кимлиги, қайси оиланинг қандай яшаётгани кафтдагидек яққол кўриниб туради. Ўсиб келаётган болалар ҳам шундоққина ҳамманинг кўз ўнгида бўлади. Ахир халқимиз бежиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деб бежиз айтмайди.

Бироқ, аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керак, кейинги пайтларга келиб илдизлари асрлар қаърига бориб тақаладиган айрим қадриятларимизга нисбатан эътиборсизроқ, лоқайдроқ бўлиб бормоқдамиз. Чунончи, кўплаб ўзимиз қатори ота-оналарда “Бола тарбияси билан мактаб шуғулланади”, деган тушунча устуворлик қилмоқда. Ваҳоланки, бола илк тарбияни уйидан олади, яъни қуш уясида кўрганини қилади. Ўқитувчи оилада олинган тарбия аталмиш пойдевор устига чиойли бино қуради. Пойдевор мўрт ёинки қийшиқ бўлса, устознинг барча саъй-ҳаракатлари бесамар кетиши мумкин.

Агар ҳар бир ота-она ўз фарзандининг кимлар билан ҳамсуҳбат бўлаётганига, интернетда қайси сайтларни очаётганига, ўқишга қачон бориб, қачон қайтишига мунтазам шуғулланиб, лозим чоғда жиддий назорат остига олганида, уларни ўзаро меҳр-оқибат, миллий удумларга эҳтиром руҳида тарбиялаганида эди, болалар билан боғлик жуда кўплаб асаббузарликларнинг, қонунбузарликларнинг ва ҳаттоки жиноятларнинг олди олинган бўларди.

Давлатимиз раҳбари маърузасидаги бир факт, айниқса, эътиборимни тортди. Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бошлаганидан буён ўтган давр мобайнида 890 мингга яқин фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Қаранг, мурожаатларнинг қарийб 80-90 фоизи асосли ва ўринли бўлиб чиққан! Таҳлиллар эса улар йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар эканлигини кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, касални яширсанг иситмаси ошкор қилади. Биз, депутатлар жойларга бориб, аҳоли билан учрашганимизда, фуқаролар билан уларнинг уйларида, маҳалла йиғинларида юзма-юз бўлганимизда кўплаб катта-кичик муаммоларга дуч келмоқдамиз. Айрим ҳолларда аччиқ, аммо очиқ эътирозларга ҳам учрамоқдамиз. Бироқ, энг муҳими, бу жараён йиғилиб қолган муаммолар ечимига, уларнинг барҳам топишига хизмат қилмоқда.

Жойларда аксарият ҳолларда ёшлар ишсизлиги билан боғлиқ муаммоларга рўбарў бўламиз. Коллежни битирган, олий ўқув юртига ўқишга киролмаган йигит-қизларни тўлиқ иш билан қамраб олиш мураккаб кечмоқда. Шу сабабли биз янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорларга ҳамда бу соҳага кириб келиш истагидан билдираётган ёшларга ҳар томонлама кўмак беришга интилмоқдамиз. Зеро, ҳамма иллатнинг боши – бекорчиликдир.

Ҳа, давримиз мураккаб. Ёшларимиз кунма-кун, соатма-соат турли ижтимоий тармоқлар, “оммавий маданият” тарқатувчиларининг информация хуружига дучор бўлишоқда. Шундай шароитда давлатимиз раҳбарининг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъвати ҳаммамизнинг қалбимизда акс садо бериши шубҳасиз.

Президентимизнинг маърузасидан руҳланиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари, аъзолари ва фаоллари маҳаллаларда аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар тегишлилига кўра масъул идора ва муассасаларга етказилмоқда, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу партиямизнинг жамиятимиз учун жуда долзарб ва муҳим бўлган умумий ишга қўшган ҳиссасидир.

Зеро, Президентмизнинг маърузасида алоҳида қайд этиб ўтилганидек, “Биз эркин ва фаровон келажагимизни қурмоқчи бўлсак, фақат мард ва олижаноб халқимиз билан бирга барпо этамиз”.

 

Алишер Махматмуродов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

фракцияси аъзоси. 


Кўришлар сони: 2148

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

Тадбирлар тақвими