Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Табиат ва жамият — уйғун

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Табиат ва жамият — уйғун

Бугунги кунда Ўзбекистон БМТ томонидан қабул қилинган Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда кўплаб давлатларга намуна бўлаётир.

Бу борада қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Атроф-муҳит гигиенаси, Биохилмахилликни сақлаш, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатлар режалари, Қайта тикланувчан энергия манбалари миллий стратегияси ана шулар жумласидандир.

Айниқса, Президентимизнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани мазкур йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга замин яратди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи ва ҳисобот берувчи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантирилди. Шунингдек, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ҳамда шаҳарлар, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бош-қармаларида чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкалар негизида уларнинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Албатта, Фармонда кўзда тутилган мақсад-вазифаларнинг бажарилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш жараёнини тубдан такомиллаштириш, идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитларни барпо этишда муҳим ўрин тутаяпти. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам амалиётга жорий этилиши ҳудудларнинг санитария хавфсизлигини кафолатлашда яна бир муҳим қадам бўлди.

Ана шу қарорга кўра, тегишли муддатда халқаро молия ташкилотлари маблағлари иштирокида Тошкент, Самарқанд, Андижон ҳамда Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш, тижорат банклари кредитлари ва тадбиркорлар сармояси ҳисобидан вилоятлар марказлари, Нукус ҳамда Ангрен шаҳарларида маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 1428 та чиқиндихонани бартараф қилиш, 168 та полигонни ободонлаштириш, 96 та янги полигон барпо этиш, 941 гектар майдондаги чиқинди полигонларида органик ўғитлар ишлаб чиқариш режалаштирилаётир. Бундай аниқ манзилли саъй-ҳаракатлар пировардида аҳоли саломатлиги ва ҳаётий кўрсаткичлари юқори бўлишига, экологик барқарорликнинг асосий шарти саналган атроф-муҳит мусаффолиги ҳамда ободлигини сақлашга хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш жоизки, юртимизда 31 майдан 6 июнга қадар давом этадиган Экология ҳафталиги ҳам табиат ва унинг неъматларини асраш, атроф-муҳитни муҳофазалашга қаратилган ташаббусларни рағбатлантириш, аҳолининг, биринчи галда ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришда айни муддао бўлмоқда. Ҳафталик давомида турли кўргазмалар, илмий-амалий конференциялар, брифинглар, тақдимотлар, янги технологияларнинг намойиши ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилаяпти.

Экоҳаракат фаоллари ҳам бу каби хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшаётир. Мисол учун, пойтахтимизнинг ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида уюшқоқлик билан ўтказилган тадбирда экологик йўналишдаги танловлар ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан пойтахтимизнинг Яшнобод туманини республикамиздаги намунали “Яшил туман”га айлантириш борасида режа ишлаб чиқилди. Бинобарин, сўнгги пайтларда қатор ривожланган давлатларда йирик аҳоли ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ва шаҳарсозлик жараёнида “яшил қурилиш”га алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил қурилиш” турли тупроқ-иқлим шароитига мос боғ ҳамда хиёбонларни яратиш, архитектура-қурилиш иншоотлари, сув ҳавзалари, йўллар, яшил майдончалар, ландшафтлар учун ўсимлик турларини оптималлаштириш, гуруҳлаш ва уларни экиб, парваришлаш ишларини ўз ичига олади. У атмосферани заҳарли газлардан тозалашнинг энг муҳим воситаси ҳамдир.

Умуман, мамлакатимизда олиб борилаётган экологик сиёсат табиатнинг алоҳида унсурларини ҳимоя қилишдан экотизимни умумий муҳофазалашга ўтилаётгани, инсонларнинг табиат билан уйғунликда ҳаёт кечириши учун қулай жиҳатларни кафолатлашга йўналтирилаётгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

 


Кўришлар сони: 5364

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...

Тадбирлар тақвими