Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўрол ҲАИТОВ: Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик

Ўрол ҲАИТОВ: Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик

Мамлакатимиз ўз тарихи, маданияти, буюк маънавий мероси билан нафақат Шарқ, балки жаҳон тамаддуни бешикларидан бири саналади. Кўплаб моддий ва номоддий маданий мерос объектлари, шу жумладан, қадимий ёзма манбаларимиз ниҳоятда ноёб ҳисобланиб, халқимиз ақл-заковати ва салоҳияти юксаклигидан далолат беради. Юртимизда, айниқса, асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамлангани эътирофга сазовор.


Бугунги кунда қўлёзма мероснинг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Чунончи, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа Шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоб ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан иборат фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани диққатга сазовордир.

Президентимизнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Бинобарин, унда миллий ўзликни англаш, улкан ёзма меросни асраб-авайлаш, бойитиш ва тадқиқ қилиш ҳамда маданий ва маънавий қадриятларни оммалаштиришга оид қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтига қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси мақоми берилгани унинг нафақат юртимиз, балки дунёдаги етакчи шарқшунослик марказларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, институт таркибида Шарқ қўлёзмалари музейи ташкил этилиши бой ва турфа ёзма меросимизни кенг миқёсда тарғиб ва намойиш қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда бой тарихимизга чуқур ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, музейда қўлёзмалар фондидаги коллекциялар намуналарини намойиш этиш кўзда тутилмоқда.

Қарорга мувофиқ, институт фондларини сақлаш ва аҳоли қўлида сақланаётган қўлёзма ҳамда бошқа ёзма ёдгорликларни харид қилиш ҳисобидан бойитиш мақсадида ёзма ёдгорликларни тўплаш, баҳолаш ва сотиб олиш билан шуғулланадиган экспертлар гуруҳи ҳамда махсус комиссия тузилмоқда. Бу эса турли манбалар ва  аҳоли қўлида сақла-наётган ноёб  қўлёзма, қимматбаҳо тошбосма китобларни тўплаб, уларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва тарихимизга оид маълумот ҳамда жумбоқларни очишда алоҳида ўрин тутади. 

Буюк аллома ҳамда мутафаккирларимизнинг илм-фаннинг аниқ, табиий, гуманитар соҳалари ва ислом илмлари бўйича яратган асарлари тадқиқини кенгайтириш ҳамда уларни асл матн ва илмий изоҳли таржима шаклида нашр этиб, таълим-тарбия жараёнига жорий қилиш каби вазифалар янги тадқиқотлар учун асос бўлади. Бу, ўз навбатида, салоҳиятли кадрларга бевосита боғлиқ. Шу маънода, қарорда институтнинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўлёзма манбалар билан ишлаш малакасига эга ёш кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Президентимизнинг мазкур қарори мазмун-моҳиятини жойларда аҳоли билан ўтказиладиган мулоқотларда, ёшлар билан учрашувларда атрофлича тушунтириш, айниқса, унинг ижросини таъминлашда парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳудудлардаги маданий мерос объектлари, кутубхоналар ва уларда сақланаётган манбалар тарихимиз кўзгуси бўлиб, уларнинг навқирон авлод тарбиясидаги ўрни беқиёс. 

Ўрол ҲАИТОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 2279

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

Тадбирлар тақвими