Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Ўзбекистонда ўзини ўлдиришга ундаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Ўзбекистонда ўзини ўлдиришга ундаганлик  учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бугунги кунда интернет оламининг қулайликлари кун сайин ортгани билан ундан бузғунчи мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб, ижтимоий тармоқлар ёвуз кучлар қўлида даҳшатли қуролга айланиб қолмоқда. Интернет орқали “Кўк кит”, “Китлар денгизи”, “Тинч уй”, “Бой хонимлар” каби номлар билан аталган ҳамда мақсади ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундайдиган ўйинлар кенг тарқалмоқда.

Аниқланишича, ушбу ўйинга аъзо бўлгач ўсмирларга турлича, хусусан, «бирор бир нарса»нинг суратини чизиш, серқатнов кўчадан автомобиллар яқин қолганида олдидан югуриб ўтиш ва бу жараённи бевосита видеотасвирга олиш, танасига турли суратларни пичоқ ёрдамида кесиш йўли билан чизиш, улар юборган мусиқани кеча-ю–кундуз тинимсиз тинглаб юриш каби топшириқлар берилади.

«Ўлим гуруҳи»нинг топшириғи эса, асосан тонгги 4:20-4:50 атрофида берилиши, уларга сўнгги вазифа беришда, «бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин»лиги каби гипноз усулларидан фойдаланилади. Уларнинг топшириғини бажарган шахслар охир-оқибат содир этаётган ҳаракатлари натижасида ўз жонларига қасд қилишмоқда. 

Мазкур ҳаракатларни жамият учун хавфи жуда юқори бўлганлиги сабабли ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормани жиноят қонунчилигига киритишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда.  

Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “Кўк кит” ўйинининг 15-босқичига етиб келган, 5 нафар ўқувчиларнинг ҳаётлари сақлаб қолинган.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонуничлик палатасига “Ўзбекистон  Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ишчи гуруҳи йиғилишларга ички ишлар, Олий суд ва Бош прокуратуранинг амалиётчи мутахассислари жалб этилди ҳамда қонун лойиҳаси жамоатчилик жалб этилган ҳолда кенг муҳокамалардан ўтказилди.

Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда бир қатор, яъни Белоруссия, Арманистон, Қирғизистон ва Туркманистон  каби давлатларда ўз жонига қасд ёки суиқасд қилишга ундаш жиноятлари учун жавобгарлик белгилангани аниқланди. 

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 1031-модда киритилиб, ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик, яъни  кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда ўзини ўзи ўлдириш ҳиссини уйғотиш натижасида шахс ўзини ўзи ўлдирган ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган бўлса икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳаракатларни вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилса – етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда. 

Мазкур қонунни қабул қилиниши ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга ундаш ҳолатлари сонини камайтириш, жиноий-ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳаётини янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. 

Шерзод ТЎХТАШЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати 


Кўришлар сони: 2371

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими