Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамол НОСИРОВ: Мардлик ва матонат асло унутилмайди

Жамол НОСИРОВ: Мардлик ва матонат асло унутилмайди

“Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира — кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи — муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр — инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди”.


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридаги бу сўзлар жонажон Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ҳамда осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимиз муқаддас хотирасини ёд айлаб, эзгу ишларини давом эттириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини яна бир бор тасдиқлади. 

Дарҳақиқат, эл фаровонлиги, юрт тинчлиги йўлида заҳмат чеккан инсоннинг қадри ҳамиша баланд бўлган. Эзгулик учун қилинган меҳнат доим рағбат ва эътибор топган. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ана шу тушунчанинг, ғоянинг амалдаги ифодасидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.  

Барчамизга аёнки, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Ўша пайтларда Ўзбекистондан ҳам 1,5 миллион киши урушда қатнашди. Ортда қолган аёллар ва болалар туну кун меҳнат қилиб, топган-тутганларини фронтга жўнатдилар. Уларнинг матонати, сабр-бардоши, кўрсатган қаҳрамонликлари ёш авлод учун катта ибрат мактабидир.

Бинобарин, бугун ёшларни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда биз билан ёнма-ён яшаётган фахрийларни қадрлаш, эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг жасорати ва кечинмаларини навқирон авлодга етказиш муҳим аҳамият касб этади. Айни жиҳатлар шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда олиб бораётган фаолияти давомида кўзга яққол ташланмоқда. Парламент аъзолари халқ билан мулоқот қилиш асносида аҳоли, хусусан, уруш ҳамда меҳнат фахрийлари хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олмоқда. Дилдан кечаётган суҳбатларда уруш ва меҳнат фахрийларининг матонати, ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси ҳақидаги хотиралар ёдга олинаяпти, бугунги дориламон кунларга шукроналар айтилаётир. 

Мана шундай самимий учрашувларда нуронийларнинг “Биз урушни кўрдик. Сизлар асло кўрманглар, болаларим!” деган сўзлари қулоққа шу қадар сингиб кетадики, бунинг мазмун--моҳиятини теран англаб етиш ҳар биримиз учун жуда муҳим. Шу боис ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги уқтирилмоқда.    

Умуман, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси ёдга олиниб, чуқур ҳурмат кўрсатилаётгани бу борадаги ишлар халқимизга хос азалий қадриятлардан эканини яна бир карра намоён этмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар айни чоғда юртдошларимизни Ватанимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилишга, унинг янада гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган ҳолда, тинчлигимизни муҳофаза -этишга руҳлантиради.

Жамол НОСИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 2860

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими