Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Вакил институти тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилади

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Вакил институти тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилади

Иқтисодиётни барқарор юксалтириш, ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар соҳа равнақида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ноёб тизими яратилгани ушбу фаолият билан кенг шуғулланишга зарур шароит яратаётир.Ҳозирги вақтда мамлакатимизда биргина кичик тадбиркорлик субъектлари сони 210 мингдан ошгани бунинг амалий ифодасидир.

Албатта, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижаларини бермоқда. Бироқ ўзгариб бораётган давр тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлашнинг амалий чораларини кўришни талаб этаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони айнан шу мақсадда қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш лозимки, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти 50 га яқин мамлакатларда таъсис этилган. Бундай институт хорижий мамлакатларда давлат ҳокимиятининг турли бўғинларида фаолият кўрсатади ва турлича номланади. Масалан, у Буюк Британияда “адьюдикатор” деб номланиб, Қиролликнинг солиқ ва божхона хизмати таркибига кирса, Францияда “омбудсмен” номи остида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бўйсунади. Швецияда “Қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг қўлланилиши устидан назорат қилувчи омбудсмен” парламент томонидан 4 йилга сайланади. Грузияда эса “Бизнес-омбудсмен” мамлакат парламенти билан келишган ҳолда Бош вазир томонидан тайинланади.

Юртимизда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилиши Вакилнинг ўз фаолиятини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган ҳолда амалга оширишини кафолатлайди.

Фармонда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва бошқалар Вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида белгиланди.

Шу ўринда “Вакил ким?” деган саволга — мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланиши, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, ушбу ҳуқуқ ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан,ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилиши кафолатини таъминловчи мансабдор шахсдир, дея таъриф берсак бўлади.

Вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириши учун етарлича ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши лозим. Шу сабабли Фармонда Вакилнинг ҳуқуқлари санаб ўтилган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига оид қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлигини мониторинг қилиш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар киритиш, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ҳамда бошқа ахборот сўраш ва олиш кабилар шулар жумласидандир.

Фармонда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган. Демак, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини белгиловчи навбатдаги янги қонунни қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжатда Вакил фаолиятининг кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, Вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаш режалаштирилмоқда.

Чунончи, Вакилнинг тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи масалалар кўриб чиқилаётганда давлат органларининг мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилаётгани ишбилармонлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш учун коллегиал маслаҳат органини тузиш мақсадга мувофиқ. Мазкур комиссия Вакилга ўз вазифаларини бажаришда консультатив ёрдам кўрсатади. Унинг таркибига нафақат давлат органлари, балки тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ҳам киритиш лозим бўлади.

Умуман олганда, Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг янги таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиши,шубҳасиз.


Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 6449

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими