Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамшид ПИРМАТОВ: “ОЧИҚЛИК ИНДЕКСИ” амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга хизмат қилади

Жамшид ПИРМАТОВ: “ОЧИҚЛИК ИНДЕКСИ”  амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга хизмат қилади

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мамлакатни бошқариш тизимини демократлаштиришнинг муҳим механизмларидан бири ҳисобланади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган қоидаларнинг белгилаб қўйилганлиги мазкур соҳадаги кенг кўламли чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилмоқда. 2014 йили қабул қилинган ушбу қонун ахборотдан фойдаланувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланишини ҳуқуқий кафолатлаш билан бирга, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг шакл ва услублари, давлат органлари ва жамият ўртасидаги ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.

Қонун талабларини бажариш, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳукуматнинг ушбу қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши шакллантирилиб, Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш регламенти ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг мониторинги бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Яқинда Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича 2017 йил 1 январь ҳолатига Рейтинги тақдимоти ўтказилди.

Давлат органларининг “очиқлик индекси” рейтинги кўрсаткичлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, умумий ҳисобда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонун талабларини амалиётга тадбиқ қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, фуқаролар учун ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш учун зарур шароитлар яратилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастуридаги вазифалар доирасида давлат органлари ўз фаолиятларида очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Дастлабки рейтингни тузишда давлат идораларида очиқликни таъминлашга қаратилган институционал ҳамда норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган. 47 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 97,5 балл тўплаган ҳолда биринчи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир хил кўрсаткич (96,33) билан иккинчи, Адлия вазирлиги (93,67) учинчи ўринни банд этди.

Рейтинг кўрсаткичлари бир қатор давлат органларида очиқликка етарли даражада эътибор қаратилмаётгани, баъзан фуқароларнинг қонуний талабларини инкор қилган ҳолда уларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари ҳам учраётганини кўрсатмоқда. Рўйхатнинг қуйи поғоналарини банд этган Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сурхондарё, Фарғона, Андижон ҳамда Навоий вилоятлари ҳокимликларидаги ҳолатлар мисолида айтиш мумкинки, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талайгина.

Жамоатчилик кенгаши томонидан Экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари давом эттирилади ва Жамоатчилик кенгашининг интернетдаги www.ochiqlik.uz расмий сайтида якуни бўйича ҳар йили икки маротаба (1 январь ва 1 июль ҳолатига кўра) “Очиқлик индекси” Рейтинги эълон қилиб борилади.

Мухтасар айтганда, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали институти сифатида фаолиятини муваффақиятли бошлаган ва очиқлик индекси” мониторинги бўйича фаолият олиб бораётган Жамоатчилик кенгашининг мақсади фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки самарадорлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мониторинг якунлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жамоатчилик билан алоқаларини янада кучайтириш, самарали корпоратив ахборот сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил

Жамшид ПИРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. 


Кўришлар сони: 155

Депутатлар минбари

Янгиликлар

29.05.2017
Парламент ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини танқидий кўриб чиқди

Соғлиқни сақлаш – Давлатимиз раҳбари катта эътибор бераётганлиги туфайли бугунги кунда узлуксиз ри...

26.05.2017
Геодезия ва картография миллий маркази раҳбарининг ахбороти эшитилди

26 май куни Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда...

26.05.2017
Қуйи палата қўмиталарида давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинмоқда

26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган...

Тадбирлар тақвими