Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Комила Каромова: Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ

Комила Каромова: Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга иззат-икром, эҳтиром кўрсатиш, айниқса, жамиятда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган кекса авлод вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. 

2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари бахтли ҳаёт кечиришлари учун тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгилангани фикримиз далилидир.  

Дарҳақиқат, инсон хотирасига ҳурмат кўрсатиш, эзгу ишларини қадрлаш, ёши улуғларни ардоқлаш миллий қадриятларимиздан бири сифатида муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки аждодларимизнинг фидойилиги навқирон авлод учун ўзига хос ибрат мактабидир.  

Айни пайтда мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш кунини юксак савияда нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Жойларда Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йил-ларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини ёдга олиш мақсадида кўплаб тадбирлар, учрашувлар ташкил этилаётир.

Жорий йил 4 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган иккита муҳим ҳужжат — “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришда беқиёс аҳамиятга эга. 

Бинобарин, мазкур ҳужжатларда ёши улуғ инсонларни, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда улар учун яратилаётган имтиёзлар кўламини кенгайтириш мақсад қилиб қўйилган. Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилмоқда. Чунончи, улар енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилмоқда. Харид қилинган енгил автомобилларга биринчи ва иккинчи техник хизматлар бепул кўрсатилиши белгилангани ҳам эътиборга молик. Ўз уй-жойига эга бўлмаганларга эса тураржой ажратилаётгани, уларнинг ҳар бирига Президент номидан икки миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти тантанали равишда топширилаётгани юксак эътибор ифодасидир.

Мазкур Фармон ва қарор жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга, дея бежиз айтганимиз йўқ. Сабаби, кексаларни эъзозлаш орқали биз улуғ қадриятларимиз боқийлигини таъминлаган бўламиз. Ёшларни маънавий жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказамиз. Шу эзгу мақсад Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурида ҳам ўз аксини топган. Жумладан, юртимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ҳамда интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, -тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакиллари ҳурматини жойига қўйиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш белгиланди. 

Бугун олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонунлар, давлат дастурларининг аҳамиятини аҳоли билан бўлиб ўтадиган мулоқотларда атрофлича тушунтириш, ёшларни турли ёт ғоя ва ахборот хуружларидан асраш, ҳушёрлик ҳамда огоҳликка даъват этиш биз, депутатларнинг ҳам асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Бу саъй-ҳаракатлар эса жамиятимизда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса бўлиб қўшилади.

Комила КАРОМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 987

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими