Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон — Қозоғистон: ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон — Қозоғистон: ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида

Халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва уни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат Дастурида бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан хусусан, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида қайд этилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ушбу минтақадаги бизга қўшни давлатлар билан чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари қўшни Қозоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи баҳор ва янгиланиш, дўстлик ва аҳиллик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик байрами – Наврўзи олам бутун Марказий Осиё халқлари томонидан кенг нишонланаётган бир пайтга тўғри келганлиги ҳам ташрифга янги маъно ва кўтаринкилик бахш этди. Икки қардош халқ ўртасида биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлади. Бугун ҳар иккала халқ вакиллари мазкур ташриф жуда самарали бўлганлигини, у истиқболда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилишини алоқида таъкидлашмоқда.

Дарҳақиқат, мазкур ташриф доирасида қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилганлиги ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганлигидан далолат беради.

Президентимизнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан олий даражадаги учрашувида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда муҳим аҳдлашувларга эришилганлиги билан бир қатор минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчилик ва хатарларга қарши курашиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилганлиги айни муддао ҳисобаланади. Зеро, Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор тараққиётга эришиш Ўзбекистон ва Қозоғистон каби етакчи давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда ҳар иккала давлат минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келишмоқда. Чунончи, Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани натижасида 2006 йил 8 сентябрда минтақада ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этиш тўғрисида тегишли Шартнома минтақа давлатлари томонидан имзоланди. Мазкур Шартнома минтақадаги барча давлатлар томонидан ратификация қилинганидан сўнг 2009 йил 21 мартда расман кучга кирди. 2014 йилнинг 6 май куни эса Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида Нью-Йорк шаҳрида бешта ядровий давлат (АҚШ, Россия, Буюк Британия, Хитой ва Франция) томонидан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги Шартномага доир Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протокол имзоланиши билан халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан узил-кесил расмийлаштирилди.

Шунингдек, Қозоғистон мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ҳам, ўз навбатида, Қозоғистоннинг минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ва конструктив таклифларини қўллаб келмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини маъқуллаб овоз берди. Зеро, Қозоғистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилмага аъзо бўлиши Марказий Осиё минтақаси халқлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш имконини беради.

Шу ўринда Президентимизнинг мазкур ташрифи арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси билан, Қозоғистон Парламенти Мажлисида эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик гуруҳлари тузилганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ташриф доирасида эса ҳар иккала мамлакат парламентлари вакиллари томонидан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича алоҳида ҳужжат имзоланди. Бундан ташқари, икки мамлакат етакчиси томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларациянинг 13-бандида ҳар иккала мамлакат қонун чиқарувчи органлари палаталари ўртасида янада фаол ва кенг қамровли амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда ишга солинмаган захиралар мавжудлиги қайд этилди.

Олий Мажлис вакили сифатида мен айниқса, Президентимизнинг мазкур ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга бағишланган алоҳида ҳужжатнинг имзоланишини ижобий баҳолайман. Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганлигини кузатиш қийин эмас. Дунё парламентлари ўзларининг анъанавий қонун ижодкорлиги фаолияти билан бирга глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ҳам тобора фаол иштирок этмоқдалар. Шу науқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг мазкур ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Умуман олганда, мамлакатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди, унинг янги уфқларини белгилаб берди, икки қардош халқни бениҳоя хурсанд қилди. Ташриф давомида қатор стратегик соҳалар бўйича муҳим келишувларнинг имзоланганлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиш билан бирга, пировардида қардош ўзбек ва қозоқ халқлари манфаатларига хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 226

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2017
Геодезия ва картография миллий маркази раҳбарининг ахбороти эшитилди

26 май куни Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда...

26.05.2017
Қуйи палата қўмиталарида давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинмоқда

26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган...

26.05.2017
2016 йилда ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизи соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган

Ўзбекистон халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳисобот даврида тасдиқланган кўрсаткичлар...

Тадбирлар тақвими