Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик – ривожланишнинг янги истиқболлари

Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик – ривожланишнинг янги истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида биринчи навбатда минтақадаги давлатлар, яқин қўшниларимиз билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашни устивор вазифа сифатида бўлишини таъкидлаган эди. 2017 йил 23 март куни Қозоғистон Республикасига амалга ошириладиган давлат ташрифи олдидан Президентимиз оммавий ахборот воситалари саволларига жавоб берар экан, Марказий Осиёнинг ягона организм эканлиги, ҳеч қайси бир давлат минтақавий муаммоларни бир ўзи ҳал этолмаслиги, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаган тақдирдагина барча мамлакатлар ўз мақсадларига эришишлари мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу маънода Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури мамлакатимизнинг ташқи сиёсати, иқтисодий манфаатларини илгари суриш ва минтақадаги ҳамкорлик муҳитини барқарор бўлиши нуқтаи назаридан жуда аҳамиятлидир.

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури Евроосиё минтақасидаги савдо-тижорат салоҳиятини юксалтириш, қадимдан бўлгани каби Европа ва Осиёни савдо ва транспорт йўллари билан боғловчи ролини тиклаш мақсадини кўзда тутувчи 10 та мамлакат, яъни Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Афғонистон, Покистон ва Туркманистон Республикалари ҳамда 5 та ҳалқаро молиявий ташкилот - Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро валюта фонди, БМТ тараққиёт дастури ва Жаҳон банкининг ҳамкорлигида олиб борилаётган минтақавий халқаро лойиҳадир. Лойиҳа доирасида 1997-2007 йиллар мобайнида минтақанинг савдо инфраструктураси, энергия таъминоти ва алоқа тизимини модернизация қилиш учун 17 млрд. долларлик лойиҳалар амалга оширилгани дастурнинг мақсадлари қанчалар жиддий эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикасида 2001 йилдан бошлаб транспорт, савдо ва энергетика тармоқларига киритилган инвестициялар миқдори 2,46 млрд. долларни ташкил этган. Дастур доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида 2016 йил 26 октябрда Покистоннинг Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган ҳамкор мамлакатлар вазирларининг конференциясида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институтини таъсис этиш тўғрисидаги  Битим имзоланди.

Институтни ҳуқуқий субъект мақомидаги ҳукуматлараро ташкилот сифатида Хитой Халқ Республикасининг ҳудудида таъсис этишга келишилди. Битимга мувофиқ институтга белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган барча имтиёз ва шароитлар яратиб берилади.

Институтнинг таъсисчиси бўлган мамлакатларга илғор тажрибага асосланган инновацион ечимлар таклиф этиш, минтақавий таҳдидларга муносабат ва ҳамкорлик жараёнларини шакллантириш, ҳамкорлик жараёнларида таъсисчи мамлакатлар ҳукуматларининг расмий шахсларини таҳлилий маълумотлар билан таъминлаш орқали уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва лойиҳаларини режалаштиришга кўмак бериш, минтақавий ҳамкорлик салоҳиятини кенгайтириш ва жадал иқтисодий ривожланиш учун юқори интеллектуал ресурсларни сафарбар этиш мазкур институтнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган. Шунингдек, қўшма ёки биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар орқали институтнинг таъсисчилари бўлган мамлакатлар ўртасида илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини таъминлаш, стратегик тадқиқотлар ўтказиш билан бирга, минтақадаги мамлакатларнинг университетлари, тадқиқот марказлари ва институтлари орасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат этувчи ресурслар базасини шакллантириш ҳам институт олдида турган муҳим вазфалар сирасига киради.

Битим институтни таъсис этган барча мамлакатлар томонидан ратификация қилиниши ва уларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланиши лозим. Шу билан бирга “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро ташкилотлардаги ва бошқа бирлашмалардаги иштироки тўғрисидаги шартномалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан белгиланган мақсад ва вазифаларга мос келадиган ушбу битим Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан тўлиқ маъқулланди ва уни ратификация қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

 

 

А.Жалилов,

А.Қодиров

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзолари


Кўришлар сони: 4073

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими