Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Одилжон ТОЖИЕВ: Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилмоқда

Одилжон ТОЖИЕВ: Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилмоқда

Аҳоли сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, халқимиз фаровонлиги, турмуш даражасини юксалтириш учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб умргузаронлик қилишида, эртанги кунга ишончи янада ортишида муҳим ўрин тутмоқда.  

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, халқимизни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, аҳоли эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Аммо тизимда шундай муаммо ва масалалар борки, у аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.

Шу боис давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга бормасин, албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталиб ўтади. Мавжуд ҳаётий муаммоларга ечим топиш, тизимни янада такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар беради. Жумладан, шошилинч тиббиёт соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни ривожлантириш, малакали кадрлар, дори воситалари, тиббий ускуналар, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланиш даражасини яхшилаш долзарб масала бўлиб келаётган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги масалаларнинг амалий ечими бўлди. Чунки мазкур ҳужжат тизимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  

Айтиш жоизки, мазкур Фармон билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг асосий вазифалари ва фаолият кўлами анча кенгайди, масъулияти янада ошди. Чунончи, унда белгиланганидек, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари ташкил қилинади. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий этилади. 

Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилиши Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳатидир. 1 апрелдан бошлаб эса Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига берилади. Жорий этилаётган бу янгиликларнинг барчаси шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишининг устувор йўналишларини шакллантириш, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса даволаш жараёнининг сифат ва самарадорлигини ошириб, стационар даволаш муддатлари ва сарф-харажатларининг кескин камайишига олиб келади.

Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларни таъминлаш, унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, одамларни амалга оширилаётган ишлар юзасидан хабардор қилишда халқ вакилларининг ҳам алоҳида ўрни борлигини инобатга оладиган бўлсак, мазкур жараёнда парламент ва депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланиш ҳам ўзининг амалий натижасини кўрсатади. Зеро, аҳоли саломатлиги, инсон манфаатлари, халқимиз фаровонлигини таъминлаш устувор йўналишлардан бири бўлиб, бу борадаги чора-тадбирлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янада изчил ва самарали татбиқ этилиши айни муддаодир.

Одилжон ТОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 3348

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими