Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ: Интеллектуал салоҳиятли ёшлар — юрт таянчи

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ: Интеллектуал салоҳиятли ёшлар — юрт таянчи

Ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш, жисмоний ҳамда маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.


Таълим-тарбия тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ва соҳани такомиллаштиришга оид ишлар янги суръатларда изчил давом эттирилаётгани бунинг амалий ифодасидир. 

Маълумки, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ҳаётга жорий этилиши натижасида юртимизда 1 минг 500 дан зиёд ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари барпо этилди ҳамда бугун уларда миллионлаб ёшларимиз таълим-тарбия олмоқда. Ҳар йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 500 минг нафар ёшлар бир ёки бир неча ихтисослик бўйича касбга эга бўлаётган бўлса, республикамиздаги мавжуд академик лицейларни ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқаяпти. 

Биламизки, академик лицейлар битирувчиларининг биринчи йилдаёқ  олий таълим муассасаларига ўқишга кириши мазкур  таълим муассасалари фаолиятининг энг муҳим ва асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Бироқ очиғини айтиш керак, бу борадаги натижалар қониқарли эмас. Айрим академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ўта пастлигича қолмоқда. Кейинги пайтларда юртдошларимизни “Олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган академик лицей битирувчиларининг келажаги нима бўлади, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи қандай ҳал этилади?” деган ҳақли савол ўйлантириб келаётгани ушбу масаланинг, ҳақиқатан ҳам, долзарблигини кўрсатаётган эди.     

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, академик лицейларда ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, бу масканларда таълим бериш учун умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини саралаб олиш, муҳими, ёшларнинг ўзлари танлаган касб ва мутахассисликларни эгаллашига кенг имконият яратиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Бинобарин, ушбу қарор билан айрим академик лицейларнинг касб-ҳунар коллежларига айлантирилиши белгиланди. Бу эса мазкур таълим муассасалари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ҳуқуқи сақлаб қолинган ҳолда, бир ёки бир нечта ихтисослик бўйича касбга эга бўлишини таъминлайди. Академик лицейлар битирувчиларига махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар берилишининг йўлга қўйилиши билан келгусида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш имкониятлари ҳам ортади. Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ўқув жараёни самарадорлиги янада ортишига ҳамда академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичлари ошишига хизмат қилади. 

Қарорда умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли чуқур тайёрлаш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва унинг мазмунини доимий равишда янгилаб бориш кабилар академик лицейларнинг муҳим вазифалари ва асосий фаолияти йўналишлари этиб белгилаб қўйилгани эътиборга молик. Айниқса, ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилиб, чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари иккита кичик гуруҳга ажратилган ҳолда ўтказилишининг йўлга қўйилиши, шак-шубҳасиз, таълим сифати ва самарадорлигини юксалтиради.  

Умуман айтганда, мазкур қарорда академик лицей битирувчиларига мутахассисликлар берилиши, академик лицейларнинг ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта ишлаб чиқиш каби чора-тадбирларнинг кўзда тутилгани ва унинг ҳаётга татбиқ этилиши ушбу соҳанинг янада ривожланишига, интеллектуал салоҳиятли ёшлар сафи кенгайишига замин яратади. 

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.



Кўришлар сони: 1311

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.08.2017
Қонун лойиҳаси жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги...

15.08.2017
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб...

14.08.2017
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  ...

Тадбирлар тақвими