Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Депутат фикри

Зокир УМАРОВ: Мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич

Зокир УМАРОВ: Мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланганида -чуқур маъно бор.


Унга мувофиқ, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтиришга оид чора-тадбирлар кўзда тутилган. Давлатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш бўйича вазифалар кун тартибига қўйилмоқда. 

Жумладан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва уни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида “Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги (янги таҳрир) қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси консуллик устави янгиланади. 

Ҳозирги кунда дипломатик хизмат фаолиятининг айрим масалалари 1992 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш ҳамда чақириб олиш тартиби тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ходимлари учун дипломатия даража ва мартабалари белгилаш тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солиб келинмоқда. 

Ўтган чорак аср давомида мамлакатимиз савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, -сиёсий соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида самарали иш олиб борди. Лекин бугунги кунда дунё ҳамжамияти хавфсизлик ва барқарор тараққиёт борасида янги таҳдидларга дуч келаётгани ҳам сир эмас. Буларнинг барчаси соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш заруратидан далолат беради.

Шу кунларда тайёрланаётган янги “Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонунда дипломатик хизмат органлари тизими, уларнинг мақоми, асосий вазифа ва функцияларини, дипломатия даража ҳамда мартабаларини, уларни бериш тартибини, ходимларнинг ҳуқуқий мақомини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилаяпти. Бунда дипломатик хизмат ўташ, ротация қилиш, фикрнома бериш тартибини, ходимларни касбий тайёрлаш ва малакасини оширишга доир талабларни, қолаверса, уларнинг ҳуқуқ, бурч ҳамда мажбуриятларини белгилаб қўйиш зарур. Дипломатик ваколатхона раҳбарини, хусусан, бир неча давлатда ўриндошлик асосида, халқаро ташкилотлардаги республика вакилини тайинлаш, ўз навбатида, ходимларни халқаро ташкилотларга (давлатлараро ва ҳукуматлараро) ишлашга юбориш тартиби назарда тутилади. 

1996 йили тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси консуллик устави мамлакатимизнинг чет эллардаги манфаатларини, Ўзбекистон фуқаролари ҳамда юридик шахслари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда консуллик ходимларининг фаолиятини уйғунликда ташкил этишга хизмат қилди. Амалдаги устав қоидаларини бугунги кун талаблари асосида янада такомиллаштириш мақсадида уни янги таҳрирда -ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Унда консуллик муносабатларини ҳамда консуллик муассасаларининг даражаларини ўрнатиш, уларни очиш тартиби, шунингдек, консулнинг имтиёз ва муҳофазаси, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари акс эттирилади. Консулни тайинлаш тартиби, консул мансабдор шахси, консуллик муассасаси раҳбари мақоми, консуллик архивини юритиш тартиби ўзгаради.

1995 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонун хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг самарали шартномавий-ҳуқуқий асосларини шакллантиришга хизмат қилди. Шунга кўра имзоланган 4 мингдан ортиқ ҳужжатлар миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Қонуннинг янги таҳририда халқаро шартномалар қоидаларини амалга оширишни кўзда тутадиган янги механизмлар, қолаверса, халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тизимидаги мақоми, ўрни акс эттирилади. Халқаро шартномалар қоидаларини қўллаш бўйича тушунтириш тайёрлаш, уларни эълон қилиш тартиби ва бошқа тўғридан-тўғри таъсир қиладиган қоида ҳамда меъёрларнинг қабул қилиниши, шунингдек, уларнинг мунтазам инвентаризация қилиб борилиши ҳужжатлар талабларини самарали бажариш ва давлат томонидан белгиланган мақсадларга эришиш имконини беради.

Давлат дастурида Ўзбекистон Республикасининг 2017 — 2020   йилларга мўлжалланган халқаро шартномавий фаолиятини такомиллаштиришга доир иш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга алоҳида ўрин ажратилган. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан фаолияти шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш ва танқидий таҳлилдан ўтказиш, истиқболли ҳамда мамлакатимиз учун амалий аҳамиятга эга бўлган шартномалар ҳисобига мавжуд шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, Ўзбекистон томонининг халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этиши, халқаро шартномалар электрон базасини яратиш каби аниқ вазифаларни рўёбга чиқариш белгиланган.

Халқ дипломатиясини фаоллаштириш, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш ҳам ушбу йўналишда муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда парламентнинг ролига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Маълумки, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш, расмий парламент делегациялари алмашиниши, шунингдек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўтказиш Олий Мажлис фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарорига мувофиқ Германия, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Япония, Корея Республикаси, Италия, Франция, Болгария, Латвия сингари давлатлар билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилган. Депутатлар ва сенаторлардан иборат таркибда “Ўзбекистон — Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси фаолият юритмоқда. Ҳозирги пайтда бир қатор хорижий мамлакатлар билан ҳам парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларини шакллантириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда турли жабҳаларда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида кенг ахборот бериш, миллий парламентни ривожлантириш мақсадида парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари, белгилаб олинган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси негизида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмита аъзолари халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат ҳудудларига хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, дунё майдонида давлатимиз нуфузини янада юксалтириш соҳасида тизимли парламент назоратини олиб боради. 

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон халқининг манфаатларини илгари суриш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу эса тинчликпарвар сиёсат ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган.

Зокир УМАРОВ, 

Олий Мажлиси Қонунчилик

 палатаси депутати



Кўришлар сони: 458

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.04.2017
Аҳолига ихтисослаштирилган тиббиёт хизмат кўрсатиш масалалари – депутатлар назоратида

Жорий йилнинг 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Республика ихтисослаштирилган...

28.04.2017
Муҳим қонун лойиҳалари депутатлар муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг  28 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги...

27.04.2017
Депутатлар олий таълим тизимини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Жорий йилнинг 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП ф...

Тадбирлар тақвими