Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Депутат фикри

Тинчлик йўлидаги изчил ҳамкорлик

Тинчлик йўлидаги изчил ҳамкорлик

Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинганига 25 йил тўлди. 1992 йил 2 март — халқимиз ҳаётида муҳим сана сифатида қайд этилди. Шу кундан бошлаб юртимиз байроғи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ҳилпираб тургани, мамлакатимиз глобал ва минтақавий муаммоларнинг муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашиш имкониятига эга бўлгани ҳар биримизга фахр, ифтихор бағишлайди.


Дарҳақиқат, БМТ турли қитъада жойлашган ва турли сиёсий табиатга эга бўлган давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга бел боғлаган, жаҳонда тинчлик ҳамда барқарорликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашга интилаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Унинг халқаро муносабатлардаги аҳамияти беқиёс бўлгани боис, дунё миқёсидаги энг муҳим, глобал жараёнлар БМТ иштирокида кечади, мураккаб можаролар эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига мувофиқ бартараф этилади. 

Ўтган даврда Ўзбекистон БМТ билан самарали ҳамкорлик ўрнатди. 

1993 йилда Тошкент шаҳрида БМТ ваколатхонаси очилгани ҳамда ташкилотнинг бир қатор дастурлари, жамғармалари ва агентликлари фаолияти кенг йўлга қўйилгани бунинг амалий ифодасидир. Булар ўзаро муносабатларимизда, шу билан бирга, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, миллатлар ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик муносабатларини қарор топтириш, экологик муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Орол денгизи фожиасининг оғир оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатларимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, ўтган вақтда республикамиз ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан фаол сиёсий мулоқотни йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Маълумки, мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида мазкур сиёсий мулоқотга тамал тоши қўйиб, илк бор мустақил Ўзбекистон ва унинг имкониятларини халқаро ҳамжамиятга эълон қилган эди. Шундан бери минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон БМТ билан кенг кўламли иш олиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни ташкил этиш бўйича илгари сурган ташаббуси 2006 йилнинг сентябрь ойида Семипалатинск шаҳрида минтақа давлатлари томонидан тегишли шартноманинг имзоланиши билан якун топди.

Мазкур шартнома асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 61- ва 63-сессияларида Ташкилотга аъзо давлатларнинг кўпчилик овози билан “Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд” Резолюцияси қабул қилинди. 2009 йилнинг март ойидан бошлаб эса ушбу Шартнома кучга кирди.

Республикамизнинг БМТ билан ўзаро алоқалари нафақат мазкур ташкилот доирасида, балки БМТ оиласига кирувчи қатор ихтисослаштирилган ташкилотлар билан ҳам тобора чуқурлашиб бормоқда. Чунончи, унинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида болалар саломатлигини асраш, улар орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилаётгани эътиборга молик. 

БМТнинг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослаштирилган ташкилоти (ЮНЕСКО) билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунончи, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ҳамда буюк аждодларимизнинг юбилей тадбирлари ушбу халқаро ташкилот шафелигида кенг нишонланмоқда. Анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ҳам ЮНЕСКО билан биргаликда ўтказиб келинаяпти. Яна бир диққатга сазовор жиҳати, Ўзбекистон Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенцияни ҳам ратификация қилган. Шу асосда Наврўз байрами, “Катта ашула” қўшиқлари, Бойсун тумани фольклори, “Шашмақом” Башариятнинг номоддий мерослари рўйхатидан ўрин олди ва инсониятнинг ноёб -дурдоналари сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудидаги бир қанча моддий-маънавий обида Умумжаҳон маданий меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Шунингдек, БМТнинг Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди (ХВФ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси (ЕИК), БМТ савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси гуруҳи каби ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорлигимиз ҳам йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон БМТнинг низомий, ёрдамчи ҳамда конвенциявий ташкилотлари билан инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик ўрнатган. Мазкур йўналишда мамлакатимиз 70 дан ортиқ ҳужжатлар билан бирга, олтита асосий битимга қўшилди. Республикамиз ушбу ҳужжатлар доирасида ўзининг халқаро мажбуриятларини изчил равишда бажариб, улардаги энг муҳим нормаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилинишига катта эътибор қаратиб келмоқда. 

Шу ўринда БМТнинг 2015 йилда 193 давлат вакиллари иштирок этган олий даражадаги Саммитида эълон қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларига алоҳида тўхталишни жоиз топдик. Ўзбекистон 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 17 та йўналишини ўз ичига олган мазкур стратегик ҳужжатда белгиланган мақсадларни амалга оширишга астойдил киришган мамлакат ҳисобланади. Бу борада бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, юртимизда таълим сифатини ошириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва фаоллигини кучайтириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар соғлиғини яхшилаш, турли юқумли ҳамда хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижалар қайд этилмоқда. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон йиллик Давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун сарфланаётгани ҳам бунинг ёрқин ифодаси, -десак, асло янглишмаймиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борадаги ишларни янада кенгайтиришда дастуриламал бўлади. Бинобарин, ушбу ҳужжат давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб ша-роитларни яратиб беришга қаратилган бўлиб, уларнинг изчил ижроси мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий топишида муҳим ўрин тутади. 

Умуман олганда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоларидан бири сифатида дунёда ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий масалаларда кўтариб чиққан ташаббуслари кўплаб ижобий саъй-ҳаракатларнинг бошланишига сабаб бўлибгина қолмай, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳам муносиб хизмат қилмоқда. Ҳамжиҳатликни  янада самарали таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик бардавом бўлади. 

Қодир ЖЎРАЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.



Кўришлар сони: 240

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.03.2017
Энергетика салоҳиятини юксалтириш депутатлар эътиборида

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар...

28.03.2017
Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар

Жорий йилнинг 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда...

28.03.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати тиббий хизмат сифатини оширишнинг таъсирчан омили

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини...

Тадбирлар тақвими