Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА: Илм-фан тараққиётидаги янги босқич

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА: Илм-фан тараққиётидаги янги босқич

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрида етакчи илм-фан намояндалари билан бўлиб ўтган мулоқотда бугунги тезкор давр барча соҳалар қатори илм-фанни янги босқичга кўтаришни, олимлар ва ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишини таъкидлаб ўтган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим босқични бошлаб бермоқда.

Дарҳақиқат, мамлакат ривожини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан тараққиётида эса фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тадқиқотларнинг ҳаммасини ҳам илм-фаннинг бугунги юқори ривожланиш даражасига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш, маркетинг ва лицензиялаш хизматларини замон талабига мос даражада шакллантириш зарурати олдимизга бир қатор вазифаларни қўймоқда. Бу мамлакатимиз илмий-инновацион маҳсулотларини амалиётга кенг татбиқ этишда яққол сезилмоқда.

Илмий тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топгани ҳам бежиз эмас. Зеро, мазкур соҳа беш йил ичида давлат сиёсатида устуворлик касб этади.

Президентимизнинг мазкур қарорида, энг аввало, Фанлар академияси бошқарув аппаратининг ташкилий тузил­ма­сини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унинг таркибида физика-математика ва техника фанлари, кимё-биология фанлари ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимлари ҳамда Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш белгиланган. Бу, ўз навбатида, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш баробарида вилоят ҳудудини комплекс ривожлантиришда, саноат салоҳиятини янада мустаҳ­кам­лашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, қарорга мувофиқ, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академияси раислари мавқеи академия вице-президенти даражасига тенглаштирилмоқда. Бу ҳам ҳудудларда илм-фан тараққиётини таъминлаш, унинг салоҳияти ва нуфузини ошириш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ қилиш имкониятини яратади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Фан ва техноло­гия­лар бўйича давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифалари юкланмоқда. Ушбу комиссия қошида Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Албатта, ушбу жамғарма ўз фаолиятини илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб қувватлашга йўналтиради.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳужжатида белгиланган вазифаларни амалиётга самарали жорий этишда нафақат Фанлар академияси балки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда тегишли қўмита аъзоларининг ҳам фаоллиги талаб этилади. Бинобарин, ушбу қарордан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда парламент аъзоларининг масъулияти катта.

Мухтасар айтганда, ушбу қарор илм-фан нуфузини янада ошириш, илмий салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва молиялаштириш, илмий-тадқиқот ишларини тубдан яхшилаш, илм даргоҳлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёш олимларни илм-фанга кенг жалб этиш ва олимлар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, илм-фан тараққиёти юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдек ҳаётий мақсад учун хизмат қилади.

 

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати. 


Кўришлар сони: 768

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.07.2017
Қўмиталарда қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинмоқда

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қўмиталарда бир қатор янги қонун лойиҳалари муҳокамасига...

27.07.2017
Сиёсий партиялар қонун лойиҳалари юзасидан электорат фикрларини ўрганмоқда

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар...

27.07.2017
Эскича ишлаш ва ҳисоботлар ортидан қувиш фаолият самарадорлигига тўсқинлик қилади

Аввал хабар қилинганидек, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон...

Тадбирлар тақвими