Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ЯКУБОВ: Истиқболни белгиловчи тарихий ҳужжат

Шуҳрат ЯКУБОВ: Истиқболни белгиловчи тарихий ҳужжат

Кейинги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимиз равнақ топишига хизмат қиладиган кўплаб қонунлар, меъёрий-ҳужжатлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Ушбу қонун ҳужжатларининг амалда татбиқ этилиши натижасида бунёдкор халқимизнинг турмуш шароити яхшиланиб, давлатимиз янада барқарор ва жадал суръатларда ривожланиши таъминланди.

Жорий йилнинг 7 февралида Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармон моҳияти замирида ҳам аввало халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити ҳукм суришини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлиги тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсади мужассамлиги билан аҳамиятлидир.

Ҳаракатлар стратегияси яқин ва узоқ истиқболда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётини модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш,  давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш борасида мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тараққиёт йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада оширишга хизмат қилади.

Стратегиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда бешта устувор йўналиш, яъни давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш номи остида мамлакат ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий ҳаётининг барча жабҳаларига чуқур кириб борилган.

Яна бир муҳим жиҳати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида барча даражадаги давлат органлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ва бошқа кенг жамоатчилик вакилларининг таклиф-мулоҳазалари ўз аксини топганлиги билан боғлиқ. Чунончи, Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида жойлаштирилиши, шунингдек 2017 йил 23-27 январь кунлари Тошкент шаҳрида медиаҳафталик ва халқаро давра суҳбати ташкил этилиши натижасида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини, уларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорликларини намоён қилган жамоатчилик муҳокамаларидан сўнг Ҳаракатлар стратегияси бутун халқимизнинг орзу-истакларини ўзида мужассам этган ҳужжатга айланди.

Ҳаракат стратегиясида белгиланган бешта асосий устувор йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат. Стратегияни беш босқичда амалга ошириш назарда тутилаётган бўлиб, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади.

Эътиборли жиҳати, мазкур ҳужжатнинг “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” деб номланган биринчи йўналишида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш кўзда тутилаётганлиги бошқа сиёсий партиялар қаторида биз, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаолларига алоҳида масъулият юклайди. Бундан буён сиёсий партиялар ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этиш жараёнида ўз электорати манфаатини рўёбга чиқаришда фаол ва самарали фаолият юритиши, халқимизни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларнинг ижобий ҳал этилиши бўйича конструктив таклифларни илгари суриши лозим. Бундан кейин амалий ишларимиз билан эл-юрт ҳурматини қозонишимиз, ўз ғоя ва мақсадимиз атрофида кўплаб ҳамюртларимизни бирлаштира олишимиз даркор.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган иккинчи йўналиш доирасида қонун устуворлиги ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилиши назарда тутилаётганлиги ҳам биз, партиядошларнинг қувончига қувонч қўшди. Зотан, қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозимлигини илгари сураётган партиямиз Сайловолди дастурида ҳам суд тизимини институционал, ташкилий-кадр ва процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш, судларнинг ижтимоий мақомини кўтариш, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини таъминлаш, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш ва шу сингари муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилганлиги Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган устувор йўналишлар билан ҳамоҳангдир. 

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз келажагининг кўзгусига айланадиган тарихий ҳужжат ҳисобланмиш Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг барча қатламлари манфаатига мос кўплаб вазифалар ва чора-тадбирлар белгилаб берилганки, уларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилишига ҳар биримиз муносиб даражада ҳисса қўшмоғимиз шарт. 

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 6239

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.12.2017
Қирғизистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди

Президент Сооранбай Жээнбеков 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси...

13.12.2017
Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати депутатлар диққат марказида

Шу йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажли...

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

Тадбирлар тақвими