Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал САИДОВ: Маҳалла тизимидаги янги ислоҳотлар ушбу институтнинг халқимиз учун чинакам маслакдош ва кўмакдош бўлишида муҳим ўрин тутади

Акмал САИДОВ: Маҳалла тизимидаги янги ислоҳотлар ушбу институтнинг халқимиз учун чинакам маслакдош ва кўмакдош бўлишида муҳим ўрин тутади

Мустақиллик йилларида дунёда ноёб, ўхшаши йўқ маҳалла тизими аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ва тизимли ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичида маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш давр тақозосидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўлда ғоят муҳим ҳуқуқий қадам бўлди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг замонавий талаблари асосида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган.

Фармонда маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бел-гилаб берилган. Улар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда маҳалла институтини аҳолига энг яқин кўмакдош тузилмага айлантириш борасида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай кескин ва таҳликали шароитда маҳалла-кўй ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик билан биргаликда бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириши лозим.

Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшларнинг оиладаги хулқ-атворидан тортиб, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги таълим-тарбияни ҳам қамраб олган ҳолда, изчил жамоатчилик назоратини олиб бормоғи талаб қилинади. Шу боис мазкур ҳужжатда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёшларнинг маънавий ва жисмоний камолоти йўлида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашига йўналтирилган масалалар ўз аксини топди.

Фармонда фуқаролар йиғинлари муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган вазифалар ҳам белгиланган. Яъни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда, уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашлар эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида фаолият олиб боради.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига мазкур Республика кенгаши ва унинг тегишли ҳудудий кенгашларига жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифаси юклатилганлигини айтиш ўринлидир. Чунки бу амалий чора, бир томондан, янги уюшмалар, яъни Кенгашларнинг нуфузи ва мақомини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, жойларда аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари эътиборига етказиш ва мазкур масалаларни ҳал қилиш бўйича уларнинг бевосита иштирокини янада кенгайтириш имконини беради.

Бу ҳужжатда фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир амалий чоралар ҳам белгиланган. Яъни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Маҳаллалар кесимида, чуқур таҳлил асосида, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда тайёрланадиган ушбу дастурларнинг жойларда тўлақонли бажарилиши маҳаллаларнинг ҳар томонлама обод ва фаровон бўлишини таъминлайди.

Маълумки, кейинги беш йилда фуқаролар йиғинларининг 1600 га яқин хизмат бинолари жорий, 367 таси капитал таъмирланди ва 350 дан ортиғи реконструкция қилинди, намунавий лойиҳалар асосида 216 та бино янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фармонда кўрсатилганидек, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларининг намунавий лойиҳалар асосида барпо этилиши бу каби муаммоларнинг ечим топишига олиб келади.

Фармонда маҳалла фуқаролар йиғинларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш бўйича мустақиллигини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш тизимида ортиқча бўғинлардан воз кечиш мақсадида — таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилган.

Шунингдек, фуқаролар йиғинларининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Фармонда мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда молия ва соғлиқни сақлаш органлари билан ўзаро ҳамкорлигини назарда тутадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиши зарурлиги белгиланган. 

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифалар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига бериладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилишини яна бир янгилик сифатида қайд қилиш ўринлидир. 

Умуман олганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Президентимизнинг ушбу Фармони қабул қилингани маҳаллалар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Энг муҳими, Фармонда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва юксак самарадорлик билан ҳаётга татбиқ этилиши, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллаларнинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланишини таъминлайди. 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, 

нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи 

бошқариш органлари қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 4517

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими