Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Депутат фикри

Дониёр АБДУҚОДИРОВ: Ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш – кичик бизнес фаолияти самарадорлигининг бош омили

Дониёр АБДУҚОДИРОВ: Ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш  – кичик бизнес фаолияти самарадорлигининг бош омили

Дунё тажрибаси ва яқин тарих бозор иқтисодиёти, мулкий муносабатлар ҳамда тадбиркорлик фаолияти устувор ва самарали эканлигини исботлади.

Ўтган 25 йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз давомида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кичик бизнес соҳаси нафақат шаклланди, балки унинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори яратилиб, иқтисодиётимизнинг таянчига айланди.

Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этувчи – тадбиркорлик – мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган жиддий сифат ўзгаришларда ўзининг ҳал қилувчи аҳамиятига эга бўлиб бормоқда. Ушбу аҳамиятни иқтисодиётимиз таркибида бўлаётган ижобий ўзгаришларда, ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилаётганида, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 78 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаётганлигида кўриш мумкин.

2016 йилнинг тўртинчи чораги, аниқроғи октябрь ойидан бошлаб, мамлакатимизда янада қулай бизнес муҳити яратиш, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, соҳада давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи нормаларни қисқартириш, давлат буюртмалари берилишида тенг шароитлар яратиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини оптималлаштириш, имтиёз ва преференциялар бериш, уларнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш янги босқичга ўтди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастури ҳамда 2016 йил 14 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқида 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳаракат стратегияси ҳақида аниқ фикрлар билдирилди. Муҳими, ушбу Стратегиянинг кечиктириб бўлмас вазифалари ижроси тўрт ой олдин бошлаб юборилди.

Жумладан, 2016 йилнинг 5 октябрида имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифасини белгилаб берди.

 

Фармон билан тасдиқланган 42 банддан иборат чора-тадбирлар дастури давлат ҳокимиятининг бошқа бўғинлари қаторида парламент олдига ҳам қатор вазифалар қуйди. Дастур доирасида қабул қилинадиган янги ва яхлит қонунлар билан биргаликда аввало, тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини янада либераллаштириш юзасидан “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Ушбу Қонун орқали Ўзбекистон Республикасининг Жиноят,
Жиноят-процессуал, Солиқ ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодексларига, шунингдек қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгаришлар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бўлган муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш тарзидаги жазони тайинлашга йўл қўймаслик, молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта жиноятлар содир этган шахслар етказилган моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган тақдирда уларни жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи, жиноий ишлар бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишга қаратилган нормалар киритилди.

Булардан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини либераллаштириш, жиноий ишлар бўйича тафтишлар ўтказиш чоғида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга доир ҳам ўзгаришлар киритилди.

Бу ўзгариш ва янгиликлар, мамлакатимиздаги инвестиция, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитининг бугунги ҳолатини эркин бозор иқтисодиётининг талаб ва принципларига, умумий халқаро нормаларга тўлиқ жавоб бериши учун киритилмоқда ва албатта, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш механизмларини такомиллаштириш бундан буён ҳам изчил давом этади. Бу, ўз навбатида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинлик беришга, уларнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги улушини оширишга, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифати ва кўлами ортиши пировардида иқтисодий қудратимизни юксалтиради, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашда салмоқли аҳамият касб этади.

Парламент ҳам бизнес вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини излаб топиш, қонунлар ижроси юзасидан назорат-таҳлил фаолияти кўламини кенгайтиришга эътиборни кўчайтирмоқда.

Дониёр АБДУКАДИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.


Кўришлар сони: 203

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.01.2017
Ҳаракат стратегияси қизғин муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг ...

22.01.2017
Беш йиллик ҳаракат стратегияси бўйича таклифлар билдирилмоқда

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...

21.01.2017
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси...

Тадбирлар тақвими