Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Илҳом АБДУЛЛАЕВ: Халқаро конференция якунлари

Илҳом АБДУЛЛАЕВ: Халқаро конференция якунлари
Австрия пойтахти Вена шаҳрида 18-Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари конференцияси бўлиб ўтди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Конференция мавзуси "Марказий Осиёда ОАВ эркинлигига хавфлар хилма-хиллиги" деб номланганининг ўзиёқ бу масала нафақат журналистлар, балки бутун жамият учун ҳам ўта долзарб эканидан далолатдир. Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, муҳокама чоғида ўртага ташланган масалалар фақат минтақавий аҳамиятга эга эмас. Бугунги кунда коммуникация олами глобал тус олмоқда. Инсоният Ер шарининг барча минтақаларида экстремизм ва адоват кучайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқда. Бундай шароитда масс-медиа воситалари олдига бугунги жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини, жамоатчиликка ишончли ахборот етказиш масъулиятини англаш, ҳақиқий демократияни таъминлашда оммавий ахборот воситалари салоҳиятини намоён этишдек муҳим масала қўйилмоқда.
Анжуман иштирокчиларидан бирининг фикрича, илгари авторитар давлатлардагина эркин ва мустақил журналистларни унчалик хуш кўрмаган бўлса, бугун журналистлар ҳамжамиятига ҳатто демократик ривожланган мамлакатларда ҳам жамоатчилик томонидан жиддий босим ўтказилмоқда. Бу ҳақиқат. АҚШда бўлиб ўтган Президент сайловида ҳар икки етакчи партия вакиллари ахборот тарқатиш, сайлов кампаниясини ёритишда иштирок этган оммавий ахборот воситаларининг нохолислигини бир неча бор қайд этганини мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.
Дарҳақиқат, ижтимоий технологик тараққиёт бугун инсоният олдига нафақат ахборот кўплиги муаммосини қўймоқда, балки жамоатчилик фикрини бошқариш, уни сохта маълумотлар билан таъминлаш ва турли мафкуравий дастурларга бўйсундириш учун глобал миқёсда шароит яратиб бермоқда. Шу муносабат билан давлатлар ва халқаро ташкилотлар тарғибот-ташвиқот ҳамда мафкуравий таъсир ўтказиш жараёнларига барқарор тараққиёт ва хавфсизликни таъминлашга жиддий хавф сифатида алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Конференцияда бугунги кунда Ўзбекистонда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, мамлакатимизнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот бердик. Халқимиз ўз келажаги учун ишонч билан овоз берган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва унинг якунлари тўғрисидаги ахборот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизда юксак савияда ўтказилган демократик сайлов якунларини конференция иштирокчилари ва ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масаласи бўйича вакили бюроси ҳам кенг қўллаб-қувватлади. Сайловнинг барча босқичларида мониторинг олиб борган ЕХҲТ кузатувчиларининг тўлақонли миссияси ҳисоботи ҳам Ўзбекистонда сайлов холис, очиқ ва адолатли ўтганидан яққол далолат беради.
Юртимизда юз бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётган журналистлар Ўзбекистон жадал ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этмоқда. ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масаласи бўйича вакили бюроси ходимининг таъкидлашича, Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш, суд тизимининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат раҳбарияти демократик қадриятларни қарор топтириш, халқ фаровонлигини янада юксалтиришни мақсад қилганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Журналистлар ушбу йўналишда миллий масс-медиани ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилганини таъкидлади. Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари халқнинг ҳокимият билан мулоқотида фаол иштирок этиши, жамиятда самарали коммуникацияларни йўлга қўйишда ижтимоий тармоқлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборот ҳам тадбир иштирокчилари қизиқишига сабаб бўлди. Иштирокчиларнинг фикрига кўра, мамлакатимизда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва мониторинг бўйича Жамоатчилик кенгаши ташкил этилгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «очиқлик индекси» миллий рейтинги шакллантирилгани Ўзбекистонни давлат институтларининг ахборот очиқлигини таъминлаш борасида минтақада етакчи давлатга айлантиради.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистикани ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапирганда, ушбу соҳа давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари учун имтиёз ва преференциялар бир неча йиллардан буён қўллаб келинмоқда. Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш бўйича демократик стандартларга мос мустаҳкам қонунчилик тизими яратилган. Мазкур қонунчилик нормалари миллий масс-медиа воситалари, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари фаолиятининг иқтисодий асосларини ишончли ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳаётда фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида ОАВ самарали иштирок этиши учун қулай шароит яратмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида 2017-2021 йилларда мамлакатимизни янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳақида тўхталди ва мазкур ҳужжат лойиҳаси кенг муҳокама учун эълон қилинишини таъкидлади. Журналистлар ҳам ушбу дастурни муҳокама этиш жараёнида фаол иштирок этиши, ўз таклифларини билдириши лозим, деб ўйлайман. Яқин ва ўрта муддатли истиқболда мамлакатимизни стратегик ривожлантиришга хизмат қиладиган мазкур ҳужжат миллий оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, жамиятда уларнинг ролини ошириш ва фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши зарур.
Ушбу кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, мамлакатимизда ахборот соҳасини янада ривожлантириш, Бош қомусимизда белгиланган фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.

Илҳом Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация
технологиялари масалалари қўмитаси раиси.

Кўришлар сони: 3036

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими