Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мавлуда ХЎЖАЕВА: Нуронийлар — эл ардоғида

Мавлуда ХЎЖАЕВА: Нуронийлар — эл ардоғида
Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароит яратилиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган даврда бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар кекса авлод вакиллари ўз ҳаётидан мамнун бўлиб умргузаронлик қилаётганларида яққол намоён бўлмоқда.    
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Бинобарин, кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур Фармонда қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини юксалтириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун кўмаклашиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини ошириш каби вазифалар ўрин олгани эътиборга молик. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, ҳаётини мазмунли қилиш йўлидаги ишларни кучайтириш ҳамда самарасини оширишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда катта ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакилларининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Шу нуқтаи назардан Фармонда оқсоқоллар, кексалар ва фахрийларни ёшларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига, Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш масалаларига алоҳида урғу берилгани диққатга сазовор.
Шунингдек, кексалар турмуш сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмак бериш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда оилаларда хотиржамлик ва осойишта муҳитни таъминлаш, фаол кексаларни боласи бор муаммоли оилаларга бириктириш каби йўналишларда ҳам муҳим чора-тадбирлар белгилангани фахрийларимизнинг юртимиздаги тинчлик ва тотувликнинг қадрига етиш, оиладаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ибратли ишлари кўламини янада кенгайтиради, десак асло янглишмаймиз. Зеро, қарияларимизнинг панд-насиҳатлари билан камол топган фарзандларимиз қалбида она-Ватанга дахлдорлик, бурч ва масълият ҳисси янада кучаяди.    
Касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш учун 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларнинг барчаси ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиши, бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан саломатликлари доимий назорат қилиниши ва шу орқали кекса ёшдаги фуқаролар орасида касалликлар профилактикаси чоралари кенгайтирилиши, 15,5 минг ёлғиз кексаларнинг турмуш сифатини ва даражасини уларга шахсий ижтимоий ходимларни бириктириш орқали ошириш каби қатор вазифалар белгилаб берилгани ҳам, аввало, нуронийларимизнинг сиҳат-саломатлиги барча нарсадан устун, деган ҳаётий тамойилни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Албатта, мазкур вазифаларни амалга оширишда масъул идоралар, умуман, барчанинг, шу жумладан, биз, депутатлар фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқдир. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий муҳофазасига қаратилган қатор қонунларни инвентаризациядан ўтказиб, бугунги куннинг талабидан, мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларимизни ишлаб чиқишимиз зарур, албатта. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси эса кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз қарияларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга кўмак беради.

Кўришлар сони: 796

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.07.2017
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор учрашуви ҳақида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари,...

13.07.2017
Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳар...

08.07.2017
Аҳоли билан мулоқотларда муаммолар ўз ечимини топмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев Пахтачи туманида бўлиб, жойлардаги муаммоларни...

Тадбирлар тақвими