Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Расул КУШЕРБАЕВ: Замонавий ахборот технологиялари — самарали мулоқот воситаси

Расул КУШЕРБАЕВ: Замонавий ахборот технологиялари — самарали мулоқот воситаси

Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси бир жабҳани олмайлик қулайлик, ошкоралик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари янгиланишларнинг муҳим омилига айланиб бораётир. Шу боис юртимизда иқтисодий -барқарорлик, ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш учун барча жабҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.


Бу борада, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга эътибор қаратилаяпти. Хусусан, ўтган даврда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги бир қатор қонунлар қабул қилингани бунинг тасдиғидир. 

Ахборот технологияларини ривожлантириш ва кенг қўллаш давлатимизнинг яқин ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган муҳим стратегик вазифалари қаторида турганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бунга Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи мисолида яна бир бор амин бўлиш мумкин. Унда таъкидланганидек, 2030 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 2 баробардан зиёд оширишда илғор технологиялар ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини барча соҳага янада фаол жалб этиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Бинобарин, жаҳон амалиёти ахборот-коммуникация технологияларининг тараққиёти мамлакатнинг рақобатдошлигини ошириш, катта оқимдаги ахборотни тўплаш ва умумлаштириш, бошқарувни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратиб беришда асосий омилга эга эканлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда дунё бўйича яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 5,5 фоиздан ортиғи ахборот-коммуникация технологиялари ҳиссасига тўғри келмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу кўрсаткич 2020 йилда 9 фоиздан ошиши кутилмоқда. 

Бундан кўриниб турибдики, замонавий ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар даромадбоп соҳалардан бири сифатида давлат  иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим тармоқлардан бирига айланиб бораётир. 

Айнан ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлашга, муҳим бошқарув жараёнларида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирок этиши учун шароит яратади. Қолаверса, бугун ҳаётнинг ўзи бизга ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш бизнес юритишни яхшилаш, иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бирга, ҳаёт сифатини оширишга ҳам хизмат қилишини кўрсатиб турибди. 

Шу боис юртимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб бораётган ушбу тармоқни жадал суръатлар билан равнақ топтириш, ялпи ички маҳсулотда унинг улушини муттасил ошириб бориш муҳим вазифаларимиздан эканини кўрсатади. Бу жараёнда, айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ўз навбатида, депутатлар соҳага оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, амалдаги қонунларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати институтини фаол қўллаган ҳолда аниқ механизмларга асосланган дастурий чора-тадбирларни амалга ошириши давр тақозосидир. 

Маълумки, ахборот технологиялари ислоҳотлар жараёнининг очиқлигини таъминлаш, давлат ва жамият ўртасида самарали ахборот алмашиш механизмини ўрнатишда муҳим -восита саналади. Айни пайтда Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, шунингдек, парламент аъзоларининг аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш учун махсус виртуал қабулхоналари ташкил этилгани, аввало, жаҳон амалиётига уйғун ҳолда соҳада қонун ҳужжатларини муттасил такомиллаштириб бориш, янги қонунларнинг мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ва уларни амалиётга самарали татбиқ этишга хизмат қилади. Бу, айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кенг жамоатчилик билан мулоқот қилиш, истиқболдаги долзарб масала ҳамда вазифаларни ҳаётий талаб ва истаклар билан уйғун ҳолда бажаришга ёрдам беради.

Расул КУШЕРБАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.



Кўришлар сони: 3481

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2017
Қозоғистон парламенти аъзолари билан учрашув

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент...

25.09.2017
Ўзбекистон ва Корея парламентлари Cпикерларининг учрашуви бўлиб ўтди

2017 йилнинг 23 сентябридан 26 сентябрига қадар Ўзбекистонда Корея Республикасининг Миллий Ассамблея...

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими