Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Парламент назорати - давлат ҳокимиятини демократлаштиришнинг муҳим омили

Парламент назорати - давлат ҳокимиятини демократлаштиришнинг муҳим омили

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тараққиёти мобайнида ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори биринчи навбатда ўзига хос хусусиятга эга бўлган, қадриятларимизга таянган ўзбек давлатчилигининг ҳуқуқий асослари яратилди.Юртимизда миллий давлатчиликни барпо этиш ва мустаҳкамлаш жараёнида олиб борилган ислоҳотлар замирида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишга эришиш асосий вазифа сифатида белгилаб олинди. Ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга доир ислоҳотларни фаол олиб бориш, шу асосда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида жамиятимиз ҳаётида асосий ўринга қўйиш доимий эътиборда бўлди.

Чунончи, миллий парламентни шакллантириш, мамлакат тараққиётида беқиёс ўринга эга бўлган қонунлар яратиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Халқ ва миллат манфаатларини ҳимоя қилувчи мукамал қонунлар, ўзига хос ва ўзига мос миллий қонунчилик мактаби яратилди. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 16 та кодекс, 800 дан ортиқ қонунлар қабул қилингани фикримизнинг яққол тасдиғидир. Ўтган даврда яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси мустақиллик йилларида барча жабҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларда муҳим омил бўлмоқда.Дарҳақиқат, қўлга киритаётган бу ютуқ ва марраларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда демократик давлатнинг энг асосий талаби бўлмиш ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши, улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган тизим барпо этилди. “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилганидек, мaмлaкaтимиз aҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти вa ижтимоий онг дaрaжaсининг ўсиб бориши, жaмиятни дeмокрaтлaштириш вa либeрaллaштириш жaрaёнлaрининг жaдaл ривожлaниши, юртимиздa кўппaртиявийлик тизимининг тоборa мустaҳкaмлaниши дaвлaт ҳокимиятининг учтa субъекти, яъни дaвлaт бошлиғи бўлгaн Прeзидeнт, қонун чиқaрувчи вa ижро этувчи ҳокимиятлaр ўртaсидaги вaколaтлaрнинг янaдa мутaносиб тaқсимлaнишини тaъминлaш учун зaрур шaрт-шaроитлaрни юзaгa кeлтирмоқдa. Шу борабарида, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бинобарин, мазкур вазифаларни самарали ҳал этилиши ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини босқичма-босқич рўёбга қаратилган ислоҳотларни чуқурлаштиришни кўзда тутувчи давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, ҳокимиятлар ўртасида тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш самарали тизимини жорий қилиш, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг роли, назорат ваколатлари ва функцияларини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Шу ўринда қайд этиш даркорки, 2014 йилнинг апрелида Конституциямизга киритилган ўзгартишлар Олий Мажлис ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси, умуман ижро этувчи органлар масъулияти, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилгани, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” принципининг босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлашда долзарб аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил январь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларидаКонституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Албатта, бу борада Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимига ўтилиши, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ролини кучайиши, натижада эса Қонунчилик палатаси депутатларининг доимий фаолият юритиши, уларнинг фаоллиги ва касбий маҳорати ошиши парламент назоратининг сифатини юқори даражага кўтаришига хизмат қилади. Хусусан, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталарининг мажлисларида ҳукумат аъзолари ва давлат бошқаруви органлари бошқа мансабдор шахсларини ўз фаолиятларининг турли масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти, жойларда қонунлар ижроси бўйича ўтказилаётган назорат-таҳлил натижаларини муҳокама этилиши ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари масъулиятининг ошишига ва фаолиятини самарадорлигига ижобий таъсир ўтказмоқда.

Чунончи, бугунги кунда 20 дан ортиқ қонунлар жумладан, “Парламент назорати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни юртимизда парламент назоратини изчил амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қонун ҳужжатларида парламент назорати турлари, бу фаолиятни амалга оширишга ваколатли институтлар, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари ўз ифодасини топди.

“Парламент назорати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижроси устидан парламент назоратини рўёбга чиқаришнинг ягона механизми мустаҳкамланиб, у давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қонунда парламент назоратининг субъектлари сифатида Олий Мажлис палаталари, уларнинг қўмиталари ва комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, сенаторлар, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) белгилаб берилган.

Парламент назорати объекти этиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, парламент палаталарининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти кўрсатиб ўтилган.

Парламент назорати шаклларининг аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши, шунингдек, уларни амалга ошириш тартиби батафсил белгилаб берилганлиги қонун ижросини бир хилда таъминлаш, парламент фаолиятининг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонунда Давлат бюджети ижросининг бажарилишини кўриб чиқиш, Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотларини, Ҳисоб палатасининг, Бош прокурорнинг, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботини эшитиш қонун нормасида ўз аксини топган. Шунингдек, унда парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолатини ўрганиш каби шакллар мустаҳкамланган.

Дарҳақиқат, қонуннинг қабул қилиниши – бу ҳуқуқий тартибга солишнинг дастлабки босқичидир. Зеро, Қонуннинг бош вазифаси унинг ижтимоий амалиётга самарали тадбиқ этилишидир. Шу боис қонунларнинг қўлланилиши амалиётини ўрганиш, парламент назоратининг турли шаклларидан фойдаланиш қонун чиқарувчи орган фаолиятининг аниқ мақсадларга эга бўлган асосий йўналиши ҳисобланади. Бинобарин, парламент назорати институти умумжаҳон парламентаризмининг муҳим белгиси бўлиб, ўз аҳамияти ва моҳиятига кўра, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш даражасини ўрганиш, Конституция ва қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳаётга жорий этиш ҳолатини кузатиш, қонунларнинг амалиётга қўлланилишига таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлашда кўмаклашади. Бундан ташқари, у мавжуд камчиликларни бартараф этишга, қонун хужжатларига амал қилиш масъулятини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий фаолият ҳамдир.

Ўз навбатида Олий Мажлис палаталарининг парламент назорати соҳасидаги вазифаларини амалга оширишда, қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ижтимоий ҳаётдаги ижросини пухта ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни кўриш, шу билан бирга, жамиятдаги ҳуқуқий тартибга солиш институти самарадорлигини оширади.

Зотан, қонунларни такомиллаштириш, қонуннинг сифатини яхшилаш бугунги кунда долзарб бўлиб, қонуннинг устуворлигини таъминлашда парламент назорати муҳим аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, қонуннинг ижро этилиши ҳолати билан танишишнинг энг мақбул усули назорат қилишдир. Бунда парламент назорати қонунни ижро этмаётганлар ёки уни ижро этишда тўсқинлик қилаётганларга нисбатан чора кўриш эмас, балки қонунлар ижро этиш механизмидаги камчиликларни бартараф этиш, тегишли тартиб-таомилларни такомиллаштиришда ўзига хос ўринга эга бўлиши шубҳасиздир.

Хулоса қилиб айтганда, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилинганлиги Олий Мажлис палаталарининг назорат фаолияти ҳуқуқий асосларининг янада такомиллаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга ва қонунларнинг ижро этилишини таъминлашдаги ролини ошишига, назорат функциясининг янада кучайтиришга ва ижтимоий ҳаётда мавқеини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.

Борий АЛИХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати.


Кўришлар сони: 19569

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.08.2019
Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Таълим ва тарбия — бутун жамиятнинг иши

Ҳар бир мамлакатнинг янада тараққий этиши, дунё мамлакатлари орасида етакчи бўлиши инновацион ва...

24.08.2019
Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Дунёда инсон учун энг муҳим иш — фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб...

24.08.2019
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ: “Тарбия” фани миллий таълим жараёнида ўқитилиши — энг мақбул йўл

Бу — адолатнинг қарор топгани, таъбир жоиз бўлса, ғалабасидир. Зиёли, ўқимишли инсон элда азиз бўлиши,...

Тадбирлар тақвими