Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Эркин ХОЛБЎТАЕВ: Солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтирилади

Эркин ХОЛБЎТАЕВ: Солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтирилади

Биз халқимиз фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган бош молиявий ҳужжатни — 2017 йилга мўлжалланган Бюджетномани муҳокама қилиш учун йиғилдик. Бугунги кунда дунё миқёсида молиявий-иқтисодий таназзуллар давом этаётган бир шароитда жахонда “ўзбек модели” деб тан олинган тараққиёт стратегиямизнинг изчил амалга оширилаётганлиги биз эришган марра ва ютуқларнинг пойдевори бўлиб  хизмат қилмоқда.

Биз — 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида, ушбу хужжат шу йил 8 сентябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда пухта ишлаб чиқилганлигига, макроиқтисодий мувозанат ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгартиришларни амалга оширишга, энг муҳими, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлигига гувоҳ бўлдик.

Кун тартибидаги масала барча фракцияларда, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси мажлисида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамаларда кўтарилган долзарб масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ва саволлар ҳар бир фракция аъзоси ҳукумат томонидан тақдим этилган Бюджетномани чуқур таҳлил қилганлигини кўрсатди. Мазкур ҳужжатда белгиланган барча кўрсаткичлар ва параметрларнинг бугунги иқтисодий-ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб тайёрланганлиги, давлат бюджетининг мутаносиблиги ва барқарорлиги таъминланганлиги фракция аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди.

Фракциямиз аъзолари 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасида солиқ сиёсатида солиқ юкини янада пасайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими, 2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. Бу эса келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 млрд. сўмга яқин маблағни тадбиркорлар тасарруфида қолдириш имконини беради. Уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жихатдан қайта жиҳозлашни амалга ошириш ҳамда ходимларни рағбатлантириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

 Барчамиз, бутун мамлакатимиз аҳли шу кунларда турли соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришларни кўриб, кузатиб, қолаверса иштирокчиси ҳам бўлиб турибмиз. Бугун бюджет ҳақида, эртанги кунимиз ҳақида гап кетар экан, 5 октябрда имзоланган, электоратимиз бўлган тадбиркорлар фаолиятини сифат жихатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган Фармонга, унинг аҳамиятига, аниқроғи, бюджет ижросидаги таъсирига тўхталиб ўтсам.

Мазкур тарихий Фармон сўнгги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири бўлди. Унинг амалга оширилиши тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиз.  

Демак, тадбиркорлик субъектларининг сони ҳам, фаолият миқёси ҳам ошади. Пировардда эса, бюджетга тушумлар ҳам кўпайиши муқаррар. Бу дегани ҳозиргина айтиб ўтилган арзон уйлар қурилиши дейсизми, 10 минг километрдан зиёд ички йўлларни таъмирлаш дейсизми, умуман давлат бюджетида назарда тутилаётган инвестиция ва ижтимоий лойиҳаларнинг тўлиқ ижросини таъминлайди.

Фракциямиз аъзолари шуни таъкидлайдиларки, Бюджетнома лойихасида ўз аксини топган параметрларнинг тўлақонли бажарилиши нафақат иқтисодиётимиз, балки жамиятимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериши учун муҳим замин яратади. Шу туфайли, бюджет лойиҳасида кўзда тутилган ушбу параметрларнинг марказда ва жойларда тўлақонли бажарилишидан ҳукуматнинг тегишли идоралари билан бир қаторда, биз депутатлар ҳам бирдек манфаатдормиз ва бунинг учун масъулмиз.

Шу нуқтаи назардан биз ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши, инвестиция лойиҳаларининг, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан парламент назоратини янада кучайтиришни энг муҳим вазифамиз ва бурчимиз деб биламиз.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳаларини тўла қўллаб-қувватлади.

Эркин ХОЛБЎТАЕВ, 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 14162

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими