Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Маданий ёдгорликларни асраб авайлаш ва қайта таъмирлаш учун 2017 йилда 25.8 млрд. сўм маблағ ажратилади

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Маданий ёдгорликларни асраб авайлаш ва қайта таъмирлаш учун 2017 йилда 25.8 млрд. сўм маблағ ажратилади

Мамлакатимизнинг 2017 йилга мўлжалланган бош молиявий ҳужжати – Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан чуқур ўрганилди ва фракция йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди.

Аввало таъкидлаш жоизки, Бюджетнома бу мамлакатимизнинг энг асосий муҳим ҳужжати ҳисобланиб, юртимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, ҳалқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда. Ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг саноати ривожланган замонавий давлатга айланиши ва унинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал юксак ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишида муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, 2017 йилги Бюджетнома янгича ёндашувлар асосида мукаммал, оддий инсонлар учун ҳам тушунарли, чуқур таҳлилларга асосан ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилаётган мақсадлар ва устувор йўналишларни, шунингдек охирги пайтларда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан, куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги Қарорига ҳамоҳанг равишда уй-жойлар қурилиши учун ҳам давлат бюджетидан маблағлар ажратиш назарда тутилган.

Мазкур Қарор қишлоқларимизга бахт ва хурсандчилик олиб келганлигини, аҳолига ғамхурлик кўрсатишнинг яна бир ёрқин намунаси бўлганлигини айтиш лозим. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши энг аввало фуқароларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш каби долзарб масалаларни ҳал қилишнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳар бир киши ўз бахти ҳақида ўйлар экан, оила қуришни, фарзандлари шинам уйда яшашини ҳохлайди.

Бу борада сайловчиларимиз ҳам хурсандчиликларини билдириб, уй-жойларни янгиланган намунавий лойиҳалари миллий урф-одатлар ва қадриятларни инобатга олган ҳолда, айнан аҳолининг имконият ва истакларидан келиб чиқиб тайёрланганлигини таъкидламоқдалар.

Шу билан бирга, Давлат бюджети лойиҳасида иқтисодиётга солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, бюджет маблағларини самарали режалаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, ўрта-махсус таълим муассасаларини молиялаштиришда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида, маҳаллий ҳокимият органларининг касб-ҳунар коллежларини молиялаштириш ваколатларини республика бюджети тасарруфига ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларда таълим сифатини ошириш имконини беради.

Шунингдек, ижтимоий нафақаларни, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва бошқа бир қатор харажатларни туман даражасидан вилоят даражасига ўтказилаётганлиги бюджет маблағларини туманлар ўртасида тенг ва мақсадли тақсимлаш, бюджет маблағлари сарфланишида изчилликни ошириш ва пировард натижада маҳаллий бюджетларнинг субвенция улушини сезиларли камайтиришга эришилади.

Айниқса, шу ўринда келгуси йили Қорақалпоғистон Республикасини ҳамда мамлакатимизнинг турли минтақаларида жойлашган 34 та туман ва шаҳарларни субвенциядан чиқариш ҳисобига республика бюджетидан маблағ оладиган ҳудудлар сонини 5 тадан 4 тага, юқори бюджетга боғлиқ бўлган туманлар ва шаҳарлар сонини 123 тадан 89 тага камайтириш, жумладан Тошкент вилоятининг барча туманларини субвенциядан чиқариш кўзда тутилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.

Бюджетнома мавжуд маданий ёдгорликларни тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни асраб авайлаш ва қайта таъмирлаш каби масалаларни ҳам ўз ичига олгани аҳамиятлидир. Бу соҳадаги тегишли дастурни молиялаштириш учун келгуси йилда Давлат бюджетидан 25.8 млрд. сўм маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.

Фракциямиз кейинги йилларда ҳам ушбу масалаларга эътибор янада кучайтирилиб, бюджетдан ажратиладиган маблағлар салмоғи янада ортади деб ишонади.

Шунингдек, фракциямиз аъзолари 2017 йилги Бюджетномада кўзда тутилаётган чора-тадбирларни аҳолига етказишда, бу муҳим молиявий ҳужжатни самарали ижросини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшади деб ишонтирамиз.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳасини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини маъқуллади.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА, 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 8901

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

12.07.2019
Қонун лойиҳаси нега қайта номланди?

2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...

Тадбирлар тақвими