Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўткир ХОЛОВ: фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқаради

Ўткир ХОЛОВ: фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқаради

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб, бошқа соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бу эса жамиятда суд ҳокимиятининг обрўси ошиб боришига ҳамда қонунийликни таъминлаш борасида унинг роли янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон умумэътироф этилган демократик принципларга оғишмай амал қилган ҳолда ривожланган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида шахдам қадам ташлаб борар экан, бошқа соҳаларда бўлгани каби, суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам замон талабларига ҳамда энг асосийси инсон манфаатларига мос равишда такомиллаштириб бориш замон талаби бўлиб қолади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Ш.Мирзиёв томонидан 2016 йил 21 октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда амалга оширилаётган бу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим тарихий воқелик бўлди десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармоннинг ўзига хос аҳамияти шундан иборатки, унда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, яъни суд хокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Шуни эътироф этиш лозимки, ушбу йўналишларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши охир оқибатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошишига, юртимизда қонунийликка риоя этилишини янада юксак даражада кўтарилишига хизмат қилади.

Фармонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга эришиш йўлида фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича назорат тартибида иш юритиш институтини ислоҳ қилишга қаратилган вазифаларни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.

Хусусан, Фармон билан фукаролик иши буйича суд карорини назорат тартибида кайта куриб чикиш муддатини 3 йилдан 1 йилга кискартириш, вилоят микёсидаги судлар томонидан жиноят ва фукаролик ишларини назорат тартибида куриб чикиш институтини тугатиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш буйича ваколатларини бекор килиш назарда тутилган бўлиб, қонунчиликда бундай тартиб белгиланиши суд қарорларининг барқарорлигини ва ишларнинг тез муддатларда ва якуний ечимини топишга хизмат қилиши билан биргаликда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар апелляция ва кассация инстанцияларининг фаолиятини янада яхшиланишига, ушбу инстанция судларининг ишларни қонуний, адолатли ва асосли ҳал қилиш борасидаги масъулиятларини янада оширилишига хизмат қилади.

Энг аввало эътироф этиш лозимки, ривожланган кўплаб давлатларда ишларни назорат тартибида кўриш муддатлари анча қисқа муддат билан чегараланган бўлиб, Фармонда назарда тутилаётган ушбу янгиликлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келади.

Хусусан, биргина фуқаролик ишлари мисолида олганда Россия Федерациясида суд қарорларига нисбатан назорат тартибида шикоят суд қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 3 ой  қилиб белгиланган бўлса, Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал қонунчилигида назорат инстанцияси институти кўзда тутилмаган.

Суд қарорларига нисбатан назорат тартибида протест келтириш муддатини уч йилдан бир йилга қисқартириш албатта фуқароларнинг ҳуқуқлари қайсидир маънода чекланишига олиб келмайди. Чунки, мазкур процессуал муддат суд қарори билан ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган фуқаро учун суд қарорига нисбатан назорат тартибида шикоят келтириши учун етарли бўлиб, бу процесснинг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари кафолатланишига ҳам хизмат қилади.

Бундан ташқари, Фармон билан назорат инстанцияси институтини ислоҳ қилиш борасида Олий суд Пленумининг муайян ишларни назорат тартибида кўриш ваколатини бекор қилиш ҳам белгиланган. Фикримизча, ушбу норма ҳам суд қарорлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан биргаликда, Олий судда мавжуд бўлган назорат инстанцияларининг бир-бирини такрорловчи фунцияларини ваколатларини бекор қилишга қаратилган.

Суд қарорларини назорат тартибида кўриш институтини ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотларнинг янаб бир эътиборга молик бўлган муҳим жиҳати шундан иборатки, эндиликда бошқа суд инстанцияларида бўлгани каби, назорат инстанциясида ҳам ишларни тарафларнинг тортишувлик принципига риоя этган ҳолда кўрилишига эришишни таъминлаш, шунингдек, назорат инстанцияларининг суд қарорини бекор қилиб ишни биринчи инстанция ёхуд апелляция ёки кассация инстанциясига юбориш ваколатларини қайта кўриб чиқиш вазифалари ҳам белгиланганлиги келгусида нафақат мазкур инстанция, балки, апелляция ва кассация инстанцияларининг биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни вақтида тузатиш борасидаги масъулиятларини янада оширишга хизмат қилишини яна бир бор эътироф этиш лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Фармон судьяларнинг мустақил, фақатгина қонунларга бўйсунган ҳолда ўз фаолиятларини амалга оширишларини таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд қарорлари барқарорлигини таъминлашга эришиш йўлидаги ислоҳотлар самарасини янада юқорироқ даражага кўратиш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади.

Ўткир ХОЛОВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 9487

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими