Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Юксак ишонч дадил қадам ташлашга ундайди

Юксак ишонч дадил қадам ташлашга ундайди

Ҳар соҳада тараққиётга эришишда тегишли фаолиятни чуқур таҳлил қилиш, эртанги ишларни олдиндан пишиқ-пухта қилиб режалаштириш энг муҳим омиллардан бири саналади. Бундай ҳолатни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, пухта ўйлаб олиб борилаётган сиёсат мазмун-моҳиятида, узоқни кўзлаб ишлаб чиқиладиган дастурларда яққол кўришимиз мумкин. Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг 19 январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» мавзуидаги маърузаси ана шундай мушоҳадага чорлади.

Ютуқлар изчил чоралар туфайлидир

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг маърузасида якунига етган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида мамлакатимиз иқтисодиётида эришилган ютуқлар, қўлга киритилган натижалар аниқ далиллар асосида чуқур таҳлил қилиб берилди. Йўл қўйилган камчиликлар ҳам инкор этиб бўлмас мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.

Жаҳонда эътироф этилган ривожланишнинг «ўзбек модели»ни ҳамда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсиясининг устувор ёъналишларини изчил амалга ошириш натижасида 2011 йилда мамлакатимиз иқтисодиётини ўстиришнинг юқори суръатлари барқарорлиги ва макроиқтисодий мувозанатлилик таъминлангани барча жабҳадаги изчил ислоҳотлар самарасидир. Жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳолатлар тобора авж олаётган бир пайтда Ўзбекистонда 2011 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,3 фоизни ташкил этгани айниқса диққатга моликдир.

Албатта, ўтган йилда ҳамма соҳада эришилган натижаларни, бунга замин бўлган омилларни бирма-бир таҳлил қилиш, шарҳлаш, пировардида зарур хулосалар чиқариш барчамизни мамнун этади. Масалан, биргина қишлоқ хўжалигида, қишлоқларимиз ҳаёти, халқимиз турмушидаги ўзгаришларга эътибор қаратсак, ана шундай кўтаринки кайфият дилимизни чулғаб олади.

Янги уй қурган одамни кўп кузатганмиз: бундай кишилар хонадонига янада кўп файз-барака энади, хурсанд­чилик, оилавий тотувлик, ўтаётган кунидан розилик бўлади. Давлатимиз раҳбарининг маърузасида таъкидланишича, қишлоқ жойларда янги турар жой массивларини қуриш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича тизимли ишларнинг амалга оширилиши натижасида 2011 йилда 156 та қишлоқ туманида «Қишлоқ қурилиш банк» аксиядорлик тижорат банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига намунавий лойиҳалар бўйича 7,4 мингта уй-жой фойдаланишга топширилган. Халқимиз оилаларида ўртача тўрт-беш киши бўлишини ҳисобга олганда, ўтган йилда 7,4 мингта хонадоннинг 30-37 минг аъзосининг кўнглига ана шундай хушнудлик бахш этилган. Ёки қарийб бир миллионта иш ўрни ташкил этилгани, уларнинг 68 фоизидан ортиғи айнан қишлоқ жойларга тўғри келгани ҳам юртдошларимизга бундан кам бўлмаган қувонч ато этгани шубҳасиздир.

Яна бир эътиборга молик мисол. Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида кейинги ўн йилда юртимизда аҳоли даромадлари ҳажми 8,1 баробар ортган бир пайтда, иш ҳақи, ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаларнинг даромадлари миқдорини жадал ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари бериш ҳисобидан аҳолининг энг паст ва энг юқори даромадга эга бўлган гуруҳлари ўртасидаги тафовут, бошқача айтганда, даромадлардаги фарқ коеффиценти 21,1 баробардан 8,3 баробарга қисқаргани, бу коэффицент Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва бир қатор иқтисодий ривожланган давлатлар ўртасида энг паст кўрсаткичлардан бири эканини алоҳида таъкидлади.

«Юртимизда ўтган йиллар давомида иш ҳақи ва пенсияларнинг харид қобилияти изчил ва барқарор ўсгани аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганининг яққол тасдиғидир, - дейилади маърузада. - Бунинг исботи тариқасида қуйидаги мисол ва рақамларни келтирмоқчиман. Агар 1991 йилда энг кам иш ҳақига Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига қатъий мувофиқ тарзда ҳисоблаб чиқилган истеъмол корзинкаси қийматининг фақат 8 фоизини ташкил этадиган товар ва хизматларни харид қилиш мумкин бўлган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич истеъмол корзинкасининг 120 фоизини ташкил этди ёки 15 баробар ўсди, энг кам пенсиянинг харид қобилияти эса 9 карра ошди».

Устувор вазифалар

Президентимиз йиғилишда 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва ёъналишларини бажаришга қаратилган дастурий вазифалар хусусида сўз юритар экан, жорий йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши муносабати билан 2012 йилга белгиланган мақсадларга эришиш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, жамиятнинг маънавий асосларини янада ривожлантиришда оиланинг аҳамиятини юксалтириш, ҳар бир оиланинг моддий фаровонлигини ошириш муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан эътибор ҳамда ғамхўрлик кучайтирилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Мамлакатимизнинг 2012 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети жами харажатларининг 60 фоиздан ортиғини сотсиал соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш кўзда тутилаётгани ҳам жорий йилда халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Президентимиз ўз маърузасида мамлакатимиз истиқболига дахлдор, тараққиётимизнинг муҳим жабҳаларидан бири бўлиши эҳтимоли катта соҳа - муқобил энергия ресурсларидан фойдаланиш масаласи ҳақида жонкуярлик билан билдирган фикрлари барчамиз учун дастуриламал бўлмоғи лозим. «Аввало, биз табиат томонидан берилган ноёб, қайта тикланмайдиган захиралар бўлмиш нефт, газ конденсати, табиий газ ва бошқа ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни ҳамон ўрганганимиз ёъқ, - дейилади давлатимиз раҳбарининг маърузасида. - Бу ресурсларнинг катта қисмидан кўпроқ ёқилғи сифатида фойдаланяпмиз, холос. Муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишлари талаб даражасида эмас. Умуман, ушбу соҳада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб муаммолар тўпланиб қолганини афсус билан қайд этиш керак».

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда бутун дунёда энергия таъминоти соҳасида табиий ресурслардан кенг кўламда, самарали фойдаланиш давр тақозосига айланган. Бошқа кўплаб хорижий мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ушбу масалага муҳим ва долзарб вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Аввало, Ўзбекистон «Адолат» сотсиал-демократик партияси ўз фаолиятида юртимизда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишни кенг ёълга қўйиш масаласини муҳим вазифа деб билади. Зеро, партиямиз сайловолди дастурида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш масалалари партиянинг доимий диққат марказидадир. Президентимизнинг мазкур маърузасини кенг ўрганиш асносида энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга янада катта эътибор қаратиш зарурлигини теран англаб етмоқдамиз. Боиси, юртимиз иқлим шароитида қуёш, сув, шамол, биогаз сингари ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишнинг улкан имконияти мавжуд. Мамлакатимизда доимий шамол эсиб турадиган очиқ ҳудудлар кўп. Йилнинг қарийб 300 куни қуёшли бўлади. Бу қуёш нурланиши Португалия кўрсаткичларига тенглигини ёхуд мамлакат ёқилғи-энергетика ҳажмида муносиб ўринга эга бўлган Япония кўрсаткичларидан икки баробар юқори эканини кўрсатади. Бундай улкан табиий салоҳият жаҳон миқёсида тобора оммалашиб бораётган юқори самарали муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда жуда қўл келади. Ушбу маърузадан келиб чиққан ҳолда, партиямиз ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси «Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди. Ушбу қонунда соҳага тааллуқли барча муносабатлар ўз аксини топиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, янги, замонавий, тежамкор ва экологик жиҳатдан тоза технологияларни кенг қўллашни рағбатлантиришни янада кучайтириш мақсадида мавжуд қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни бугунги тезкор давр тақозо қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилдаги режалар хусусида сўз юритар экан, олдимизда турган вазифаларнинг рўёбини бир жумла билан ифодалайди: «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади». Дарҳақиқат, меҳнаткаш халқимиз, юқори салоҳиятли кадрларимиз, куч-ғайратга тўлиб сафимизга қўшилаётган билимдон, ташаббускор янги куч - ёшларимиз ана шундай юксак ишончимизга мустаҳкам асос бўлади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари


Кўришлар сони: 11261

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими