Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида

Қонун лойиҳалари фракция муҳокамасида

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига қўйилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
«Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун масъулият оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини фракция аъзолари иккинчи ўқишди муҳокама қилдилар. Қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш чораларини қўллаш ва шундай ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарлик кўзда тутилмоқда. Савол-жавоб ва музокаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.
«Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 175-моддасига ва «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кун тартибига қўйилмоқда. Маълумки, жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, халқ таълими туманлар (шаҳарлар) бўлимлари негизида халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилади. Шу муносабат билан «Оила кодекси»нинг 175-моддаси ва «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасидаги «халқ таълими бўлимлари» деган сўзларни «халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари» деган сўзлар билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда маъқулладилар.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2011 йил 12 майдаги «Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унга асосан, Қонуннинг 14-моддасига янги ташкил этиладиган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун устав жамғармасининг энг кам миқдорини жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 40 бараваригача пасайтириш тўғрисида ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда. Билдирилган фикрлар, таклиф ва мулоҳазалардан кейин ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўналишсиз таксиларнинг ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаганлиги учун маъмурий чораларни кўзда тутувчи қўшимча киритиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли ҳамда 2011 йил 18 майдаги 139-сонли қарорларида қўлланилаётган атамаларни бирхиллаштириш мақсадида мазкур кодекснинг 121 ва 122 моддаларига тегишли қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси хусусида атрофлича фикр-мулоҳазаларни билдириб, уни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда фракция аъзолари «Халқаро электр алоқаси иттифоқининг 2006 йилги (Анталия) ва 2010 йилги (Гвадалахара) Ваколатли конференциялари томонидан Халқаро электр алоқаси иттифоқининг Устави ва Конвенциясига доир қабул қилинган Тузатиш ҳужжатларини ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилдилар ва ўз таклифларини баён этиб, уни биринчи ўқишда концептуал-ҳуқуқий жиҳатдан маъқулладилар.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 7774

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

Тадбирлар тақвими