Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция аъзолари эътироз билдиришди. Нега?

Фракция аъзолари эътироз билдиришди. Нега?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг 9 ойлик ижроси якунлари чуқур танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Аввало таъкидландики, Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ўз аксини топган. Пандемия даврида бу масала, айниқса, долзарбдир.

Йиғилишда Давлат бюджети ҳақидаги ҳисоботни такомиллаштиришда Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари берган таклифлар инобатга олингани, аввалги йиллардаги ҳисоботларда очиқланмаган маълумотлар бу йилдан батафсил тақдим этила бошлангани қайд этилди.

Депутатлар партия Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиқиб, Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирларнинг молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратишди. Таълим, ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, нафақа ва пенсиялар тайинлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.


Пандемия билан боғлиқ бутун дунёдаги чекловлар мамлакатимиз иқтисодиётига, аксарият кўрсаткичларга таъсир ўтказган, албатта. Қайд этилдики, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 408,3 триллион сўмни ташкил этрган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсди.

Давлат бюджети ижросида асосий саъй-ҳаракатлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳамда мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва глобал инқироз оқибатларини бартараф этишга йўналтирилмоқда.

Жорий йил 9 ойда Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, харажатлар (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102,164,8 млрд. сўмга етган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 53 685,3 млрд. сўм (умумий харажатларнинг 52,5 фоизи) сарфланди. Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига мувофиқ келади.

Шунингдек, депутатлар бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ камчиликларни кўрсатиб ўтишди. Пандемия ва карантин чекловлари билан боғлиқ қийин вазиятда маблағларнинг самарасиз сарфланиши, айниқса, талон-тарож ҳолатлари кўпайгани айтилди. Ҳукумат, мутасадди вазирлик-идоралар бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича шаффоф тизим яратиш ишларини кескин кучайтириши зарурлиги таъкидланди.


Ҳисобот даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129,1 млрд. сўм бюджет ижросида камомад ва асоссиз харажатлар аниқлангани депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.

Хусусан, пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият бўлишига қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган бюджет маблағларининг қарийб 22 млрд. сўми бемақсад сарфланган. Шундан 17,8 млрд. сўми ноқонуний ўзлаштирилгани фракция аъзоларининг қатъий эътирозларини келтириб чиқарди.

Коронавирусга қарши курашиш учун жалб этилган тиббиёт муассасаларида Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг 70,7 млрд. сўми қоидаларга амал қилмаган ҳолда, сарфлаб юборилган.

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 10 млрд., Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида 6,3 млрд., Сув хўжалиги тизимида 4 млрд. сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросида ҳам қатор хато-камчиликлар бўлган. Мисол учун, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси харажатлар режаси 542,4 млрд. сўм этиб белгиланган бўлса-да, шунинг 63 фоизигина ишлатилган. Ваҳоланки, пандемия шароитида ишидан айрилган, оилавий даромадини йўқотган, касб-ҳунар ўрганишга хоҳиши, эҳтиёжи катта бўлган фуқаролар ҳудудларда кўпчиликни ташкил этади. Бу жамғарма маблағлари айнан шундай юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш учун тўлиқ сарфланиши керак эди.

Фракция аъзолари масалани кенг ва таҳлилий муҳокама қилишди. Депутатлар партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатининг ижросига нисбатан қатъий нуқтаи назарларини билдиришди. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш, Давлат бюджети ижроси устидан қатъий парламент назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Депутатлар ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар мутасаддиларига бандлик, соғлиқни сақлаш, миграция, таълим, молия-иқтисодиёт бўйича 10 дан ортиқ манзилли саволлар беришди. Айрим саволларга умумий мазмунда жавоб берилгани депутатлар эътирозига ҳам сабаб бўлди.


Давлат бюджети ижросини таъминлашда парламентдаги муҳокамалар билан бирга, жойларда, тармоқларда бевосита, тезкор таҳлиллар ўтказиш, бунинг учун бюджет маблағлари сарфланиши ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлиши зарур. Давлат бюджети маблағлари ишлатилиши юзасидан Ғазначилик ҳамда Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан ўрнатилган назорат тизими ўзининг самарасизлигини кўрсатмоқда. Бюджет тизимида камомад, суистеъмолчиликлар ва маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари камайиш ўрнига, йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ахборот ва маълумотлар соҳа ҳамда тармоқлар даражасида очиқ бўлмаса, парламент, жамоатчилик назоратига шароит яратилмаса, бюджет ижроси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиб бўлмайди, деган қатъий позиция билдиришди. Давлат бюджети ижроси ҳақидаги маълумотларнинг очиқлик даражасини ошириш бўйича ҳукумат томонидан тизимли ишлар амалга оширилиши талаб этилаётгани таъкидланди.

Йиғилишдаги савол-жавоблар, таклиф-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойлик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Йиғилишда, шунингдек, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Келгуси йилга мўлжалланаётган Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага харажатлар жорий йилга нисбатан 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар, ижтимоий ҳимоя ёндашуви янада чуқурлашишини англатади. Хусусан, келгуси йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий ёрдам бериш, болали оилаларга барча турдаги ижтимоий нафақаларни тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаликдан ногиронларга нафақалар тўлаш учун 10,2 трлн. сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу жорий йилги кўрсаткичга нисбатан 3,7 трлн. сўмга кўп. Халқ демократик партияси ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя масаласига бундай ёндашувини қўллаб-қувватлайди.

Депутатлар келгуси йилги бюджет харажатларини режалаштириш бўйича сайловчилар мурожаатлари, жойлардаги ўрганишлар асосида шакллантирилган таклифлари билан ўртоқлашишди.

Хусусан, фракция аъзоси Шерзод Раҳмонов Давлат бюджети харажатлари самарадорлиги ва масъулиятини ошириш, бу жараёнда депутатлар ва жамоатчиликнинг фаоллигини кучайтириш мақсадида ҳар бир сайлов округи ҳудуди учун ҳар йили маълум миқдорда маблағ ажратиш, ўша маблағни энг муҳим ижтимоий лойиҳалар учун сарфлаш масаласини бевосита парламент аъзолари, маҳаллий депутатлар билан бамаслаҳат ҳал этиш бўйича янги механизм таклиф қилди.

Фракция аъзолари “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Шу куннинг ўзида иккинчи ўқиш учун фракциянинг қатъий таклифларини шакллантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 


Кўришлар сони: 166

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими