Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ХДП фракцияси: Давлат дастури ижроси ҳақидаги ахборотлар аниқ бўлиши зарур

ХДП фракцияси: Давлат дастури ижроси ҳақидаги ахборотлар аниқ бўлиши зарур

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиб, муҳокама қилди.

Давлат дастури ижроси ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил ва камбағалликни қисқартириш котибияти мудири Аюбхон Камалов 5 та устувор йўналиш бўйича атрофлича маълумот берди.

Давлат дастури 284 та банддан иборат бўлиб, унинг 163 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 121 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

2020 йил март-сентябрь ойларида Давлат дастурида ижро муддати келган бандлар сони 173 та бўлиб, улардан 99 таси тўлиқ бажарилган. 16 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилгани, 53 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқиш жараёнида экани маълум қилинди. 5 та банднинг ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрида ЯИМнинг ўсиши 0,3-0,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари пандемия давридаги қийинчиликларга қарамай ҳукумат томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилганини, хусусан, партия электорати бўлмиш жамиятдаги эҳтиёжманд қатлам манфаатларини таъминлаш бўйича улкан чора-тадбирлар кўрилаётгани қайд этилди.

Пандемия шароитида аҳолининг муҳтож қатламини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлашни тизимли амалга ошириш мақсадида жойлардаги 4 та сектор, маҳалла идоралари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати – “темир дафтар” ташкил этилди. saxovat.argos.uz дастури ишга туширилиб, оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” тасдиқланди.

Бир сўз билан айтганда, пандемия шароитида ҳукумат ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муҳим вазифаларни бажаришга, мамлакатда ижтимоий барқарорликни сақлашга жиддий эътибор қаратди.

Шу билан бирга, Давлат дастури ижросига оид маълумотлар муҳокамасида депутатлар ижтимоий соҳада, аҳолининг кундалик турмушида кузатилаётган бир қатор масалаларда мутасаддиларга эътироз ва таклифлар билдиришди.

Маълум бўлишича, халқаро молия институтлари, жумладан, БМТ Тараққиёт Дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки экспертлари билан музокаралар олиб борилиб, 14 нафар хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда кузатувчиларни (5 нафар хорижий ва 9 нафар маҳаллий) жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича қатор концептуал хужжатлар ишлаб чиқиш ишлари бошланган. Жумладан, Ҳисоботда жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган камбағаллик чегараси ва мезонлари орқали ҳисоблаш услубиёти ишлаб чиқилаётгани қайд этилган.

Экспертлар билан биргаликда “Ўзбекистон Республикасида яқин истиқболда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани билдирилган. Қарор лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида яқин истиқболга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш концепцияси ва Ўзбекистон Республикасида яқин истиқболга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш дастурини тасдиқлаш назарда тутилаётган экан.

Аммо фракция аъзолари ҳисоботда камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқилгани айтилган, тайёрлаш жараёнида бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида батафсил ахборот етишмаслигини қайд этди.

“Яшаш минимуми”ни жорий йил 1 октябрга қадар белгилаш бўйича мутасадди идоралар олдига аниқ вазифа қўйилган. Депутатлар бу вазифа ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида, фракция томонидан ҳукуматга киритилган таклифларга муносабат хусусида аниқ маълумот беришни сўради. Чунки бу Халқ демократик партияси фракцияси учун принципиал масала ҳисобланади. Мутасадди идоралар қисқа муддатда меъёрий ҳужжатлар лойҳаларини тақдим этадиган бўлди.

Депутатларнинг фикрича, камбағалликни қисқартириш бўйича мамлакатда яхлит тизимга асос бўладиган ҳуқуқий ҳужжатлар жуда муҳим аҳамиятга эга.

Фракция йиғилишида депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши бўйича давлат тузилмаларнинг роли ва таъсирини ошириш, иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини қонунга мувофиқлаштириш, бозорларда нарх-наво кўтарилиб кетишига қарши чоралар кўриш, мактабларнинг қурилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ дастурларга киритилиши-киритилмаслиги бўйича инсон омилининг салбий таъсирини чеклаш, бу борада ҳукумат миқёсида аниқ бир муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги каби масалаларни кўтарди.

Депутатларнинг савол, таклифлари бўйича ҳукумат ва идоралар мутасаддиларининг жавоб ҳамда мулоҳазалари эшитилди. Шу асосда Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси ҳақидаги Ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади.

Фракция йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳам батафсил муҳокама этилиб, депутатлар ўз таклифларини берди.

Мажлисда айни пайтда жамоатчилик муҳокамаси давом этаётган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси Халқ демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари иштирокида кўриб чиқилди. Депутатлар мамлакатимиз тарихида бутунлай янги – Учинчи уйғониш даврига пойдевор яратилаётган муҳим паллада таълим-тарбия, илм-фанга ёндашувни тубдан янгилаш долзарб ижтимоий аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Мазкур ҳужжат лойиҳаси ҳар томонлама пухта ва мукаммал бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Шунинг учун ҳужжат лойиҳаси бўйича Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва бутун республика миқёсидаги бошқа фаоллардан таклифлар олинадиган бўлди. Барча таклифларни умумлаштириб, фракциянинг якуний позициясини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

 


Кўришлар сони: 146

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими