Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ўзбек тили ҳам расмий тил мақомига эга, лекин...

Ўзбек тили ҳам расмий тил мақомига эга, лекин...

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Ўзбек тилининг рақамли лингвистик ресурсини яратиш истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди Дастурида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада ошириш, мамлакатимиз ва хорижда тилимизни кенг тарғиб этиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган. Шунингдек, дастурда олий қадриятимиз саналган тилимизнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бирламчи вазифа экани қайд этилган.

Айни пайтгача маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ҳамда партия фаоллари саъй-ҳаракати билан ушбу йўналишда доимий комиссияларга 70 та таклиф, халқ депутатлари Кенгаши сессияларига 65 та масала киритилди. Жойларда эса 78 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди, олиб борилган таҳлиллар натижасида 222 та депутатлик сўрови юборилди. Энг муҳими, ўрганишлар давомида партия аъзолари томонидан 1334 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, уларни жойида бартараф этишга эришилди.


Тадбирда қайд этилганидек, шу кунларда тилимизни ривожлантириш, унинг софлигини сақлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад парламент қуйи палатасида муҳокама этилаётган “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг мукаммаллигига эришишдир. Партия ташаббуси билан октябрь ойининг охиригача ҳар бир ҳудудда Ўзбек тили марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

Таъкидлаш жоиз, яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Давлат тили тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳасини ҳамда тил тўғрисидаги янги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилувчи Комиссия фаолиятини қайта тиклаш ташаббусини илгари сурди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров шулар ҳақида гапирар экан, дунёда олти мингга яқин тиллар бўлса, уларнинг икки юзтасигина расмий тил мақомига эгалигини таъкидлади.


– Улар орасида Ўзбек тилининг борлиги халқимиз учун энг катта бахтдир, – деди фракция раҳбари А.Қодиров. – Лекин тилимизнинг мақомини янада оширишга бўлган эътибор анча сусайиб кетди ва бу ривожланаётган Ўзбекистоннинг ҳам сиёсий, ҳам стратегик манфаатларига умуман тўғри келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев ҳам сўзга чиқиб, департамент томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Шундан сўнг www.xatosizyoz.uz сайтини ҳамда “Компьютер лингвистикаси” дарслик китобининг тақдимоти бўлиб ўтди ва бу ўзбек тилининг ривожи йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлар экани таъкидланди.

Тадбир доирасида тилшунос олимлар, таниқли педагог ва тил бўйича экспертлар, сиёсатшунос ҳамда прафессор-ўқитувчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда ўзбек тилининг рақамли лингвистик ресурсини яратиш истиқболлари, ўзбек тилини ўргатиш муаммолари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишдаги ўзаро ҳамкорлик, давлат тили софлигини сақлаш ҳамда илмий атамалар таржимасини мувофиқлаштириш йўналишларига доир мақола ва маърузалари билан қатнашдилар.

Конференция якунида “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан тайёрланган, 21 октябрь - “Ўзбек тили байрами куни”га бағишланган фильм тақдим этилди. Тадбирда иштирокчи ҳамкорларга партиянинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалар топширилди.


Кўришлар сони: 216

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими