Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди

“Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди

2020 йил 15 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Видеоконференц алоқа тарзида ўтган тадбирда фракция томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 38 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 156 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ҳисобот даврида фракция депутатлари ташаббуси ҳуқуқи асосида 6 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Шунингдек, фракция ташаббуси билан “қонунларнинг асосий муаллифи халқ бўлиши керак” тамойилига асосан, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан партиянинг қўйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди. Яъни, “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди. Ушбу тизим орқали ўтган даврда 30 га яқин қонун лойиҳалари бўйича 400 дан ортиқ таклиф фракцияга тақдим этилди. Натижада уларнинг 90 дан ортиғи қонун лойиҳаларига киритилди.


Қайд этилганидек, “Адолат” СДП фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича, партиянинг Сиёсий Кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ва тизимли иш олиб борди.

Жумладан, фракция томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳолати, хусусан, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ва сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Сурхондарё вилоятида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш ҳамда коронавирус пандемияси даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар барча ҳудудларда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида секторлар ва ижро органлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати Қорақалпоҳистон, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида фракция депутатлари томонидан ўрганилди. Ўрганишлар якунлари бўйича ҳулосалар тайёрланди ва ижросини таъминлаш мақсадиа Ҳукуматга таклифлар киритилди.

Жорий йилда фракция парламент эшитувларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, пандемия даври асоратларига қарамасдан таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби муаммолар ечимига эътибор қаратилди.


Айнан шу масала Қонунчилик палатасида ташкил этилган “Ҳукумат соати”га киритилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Касб-ҳунар таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни касбий таълимга қамраб олиш чора-тадбирлари ҳамда соҳани ривожлантиришдаги режалар тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, фракция аъзолари бугун айрим ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш, ер участкаларини ажратишда коррупция ҳоллари учраб турганига алоҳида аҳамият қаратди. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган кўплаб мақолаларда аҳоли айнан соҳадаги қонунбузарликлардан норози экани ва бу ечимини кутаётган долзарб масалага айлангани сабабли ушбу масалани ҳам фракция ташаббуси билан “Ҳукумат соати”га киритиб, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг “Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, пандемия даврида вақтинча даромадсиз қолган, ижтимоий-эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 220 нафарига партия депутатлари ва кўнгилли волонтёрлари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди.

Тадбирда фракция фаолиятда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутатлардан батафсил жавоб олдилар.


Кўришлар сони: 328

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.10.2020
Таълим-тарбия масъулияти ва амалий натижалар

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида қандай ислоҳотлар олиб борилмоқда? Уларнинг амалий натижалари...

28.10.2020
Жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилади

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада куч...

28.10.2020
Қонун лойиҳаси қурилиш сифатининг ошишига хизмат қилади

Қонун лойиҳаси билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига ҳуқ...

Тадбирлар тақвими