Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Конвенция талаблари қандай бажарилмоқда?

Конвенция талаблари қандай бажарилмоқда?

Чўлланиш — дунёнинг барча минтақаларида давом этаётган ер деградацияси, яъни яроқсиз ҳолга келиши жараёнидир. Бу жараён инсон омили ва иқлим ўзгариши сабабли юз бермоқда.

БМТ томонидан 1994 йилдан эътиборан 17 июнь — Умумжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни, деб эълон қилингандан бошлаб, деёнда ушбу кун кенг нишонланиб келинмокда. Ўзбекистон Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб, чўлланишга қарши курашиш бўйича тегишли конвенцияга аъзо бўлган давлатлардан ҳисобланади. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирди. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари томонидан Экологик партия фракцияси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган видеоконференция ушбу масалаларга бағишланди.


Таъкидланганидек, ер майдонларида қурғоқчилик ва чўлланиш муаммоси бугунги кунда барча халқаро жамоатчилик, ер эгалари, илмий даргоҳлар ва сиёсатшуносларнинг доимий диққат-эътиборида. Ўзбекистонда ҳам чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоизи ёки 31,4 млн. гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн. гектардан ортиқ майдонда “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди. Натижада ушбу ҳудудда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Тадбирда Конвенция доирасида Ўзбекистон томонидан олинган мажбуриятлар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси кенг муҳокама этилди. Айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мазкур ҳужжат ижроси доирасидаги ишлар бажарилишига масъул орган, деб белгиланган.

Мамлакатимизда соҳада қонунчилик базаси яратилиб, уни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилди. Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим ўрин тутмоқда.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019 — 2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Орол денгизининг қуриган ҳудудида 2019 йилда 501 минг гектарда, 2020 йил баҳорида 703 минг гектар майдонда кўчма қумларни мустаҳкамлаш мақсадида ўрмон барпо этиш тадбирлари рўёбга чиқарилган.


Бухоро вилоятидаги Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган ерларни ҳамда инфратузилмасини қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро шаҳри атрофида “яшил қалқон”ни яратиш мақсадида саксовузорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган. “Йўл харитаси” бўйича Навоий вилоятининг Нурота тоғ олди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, ўрмон фонди ерларидан ташқари қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишдан ҳимоя қилиш мақсадида иҳота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари Давлат дастурига киритилган. Ушбу дастурга асосан ўтган йилда 2495 гектар ва жорий йилда 2000 гектарга яқин майдонларда иҳота дарахтзорлари барпо этилган.

Видеоконференцияда соҳада олиб борилган ижобий ишлар билан бир қаторда, йўл қўйилган муаммо ва камчиликлар ҳам кенг муҳокама этилди. Хусусан, соҳада давлат-хусусий шериклик, иқтисодий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмагани жиддий танқид қилинди. Инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, маҳаллий аҳолини чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишларига жалб этиш ва улар хабардорлигини ошириш юзасидан зарур таклифлар илгари сурилди.

Якунда қўмиталарнинг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 305

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими