Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик – тинчлик ва барқарорлик гарови

Миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик – тинчлик ва барқарорлик гарови

Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Иқтисодиёт университети ҳамкорлигида илмий конференциялар ўтказиш анъанага тусига кирган. Бир неча йилдирки, бундай анжуманларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир муҳим масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиб келинмоқда. Бу албатта ўзининг ижобий натижасини бермасдан қолмайди. Дарҳақиқат, олимлар, устоз-домлалар жамият ҳаётидаги бирор масалага илмий тарзда ёндашиб, уни кўтариб чиқади, партия фракцияси эса ундан келиб чиқадиган хулосаларни қонунчиликда акс эттиришга ҳаракат қилади. Айни шу жиҳати билан яъни олимлар ва қонун ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилгани билан ушбу конференция бошқалардан ажралиб туради.

Жорий йилги конференция “Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни янада ривожлантиришнинг ижтимоий, фалсафий масалалари” мавзусида ташкил этилди. Республикамиздаги бугунги карантин шароити туфайли илмий-амалий конференцияси онлайн шаклда бўлиб ўтди.

Унда депутатлар ва партия фаоллари билан биргаликда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ННТ, миллий маданий марказлар вакиллари, Ўзбекистон, Россия, Канада, Қозоғистон, Қирғизистон олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлар иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, ҳозирги пайтда дунёнинг кўплаб жойларида содир бўлаётган этник низолар, тортишувлар шароитида миллатлараро тотувликни сақлаб қолиш нақадар муҳимлигини барча тўла англаб етган. Бирдамлик ва бағрикенглик миллатимиз учун йиллар давомида шаклланган тарихий хусусиятлардан биридир. Зеро ватанимиз азал-азалдан кўплаб миллат ва халқларни ўз бағрига олган, халқимиз уларга нисбатан ҳамиша яхши муносабатда бўлган.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда кўплаб соҳалар каби миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати янги босқичга кўтарилди. Энди бу борадаги Ўзбекистон амалиёти ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамиятида ҳам ижобий намуна сифатида қабул қилинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси гапимизга исбот бўла олади.

2017 йил 19 майда “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Умуман олганда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда қайд этилганидек, Республикамизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга, улар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.

– Президентимиз томонидан “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” тасдиқлангани ва бу йўналишнинг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади, – дея таъкидлади ўз сўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров. – Биргина жорий йилги давлат дастурининг ушбу йўналишида бирдамлик, миллатларо тотувлик, бағрикенглик бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, Оролбўйи ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг маънавий-маърифий алоқаларини ривожлантириш, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш, “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни”ни жорий этиш, “Дўстлик ҳафталиги” ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш каби вазифалар шулар жумласидандир. Ҳозирда Қонунчилик палатаси томонидан белгиланган ушбу вазифалар ижросини таъминлашга оид чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Конференция мавзуси социал-демократиянинг энг асосий устуни бўлган бирдамлик ғоясини ўзида акс эттирган. Миллатларо тотувлик, бағрикенглик, тенглик, бирдамлик. Бир-бирига боғлиқ ушбу тушунчалар социал-демократияни бошқа сиёсий оқимлардан яққол ажратиб туради. Бирдамлик инсоний меҳр-оқибат тимсоли сифатида жамият аъзоларининг ўзаро аҳил ва баҳамжиҳат яшашини билдирса, тенглик – ижтимоий, миллий, ирқий, гендер ва бошқа турдаги тафовутлардан қатъий назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва масъуллигини англатади.

Масофавий анжуман доирасида Ўзбекистонда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш ҳамда “Маҳалла ва оила” институтини такомиллаштириш, ёшлар дунёқарашида толерантликни шакллантиришнинг ўзига хослиги, замонавий оилани мустаҳкамлаш омилларига доир ўттизга яқин мақолалар тақдимоти бўлиб ўтди.


Кўришлар сони: 832

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.10.2020
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда қонунчиликдаги мавжуд камчилик бартараф этилади

Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат-хусусий ...

21.10.2020
Давлат тилининг обрў-эътибори — бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан маърифий тадбир...

21.10.2020
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида бир қанча қонун лойиҳаси қуйи палата мажлиси кун тариби...

Тадбирлар тақвими